8 СОТИХ ЕР МАЙДОНИ 15 000 АҚШ ДОЛЛАРИМИ?
Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг очиқ суд мажлисида фирибгарлик ва ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир қилган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, унга ҳукм ўқилди. Энг қизиғи, судланувчи эркакка муқаддам жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2021 йилги ҳукмига кўра, юқорида қайд этилган жиноятларни содир қилгани учун 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2022 йилдаги ажрими билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Бироқ “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек вазиятдан ўзига тегишли хулоса чиқармади…
Ҳужжатлар қалбакилаштирилган…
Судланувчи ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, такроран, 2017 йил июнь ойларида Янгиҳаёт (собиқ Сирғали) тумани, Чоштепа кўчасида бўла туриб, танишига Янгиҳаёт (собиқ Сирғали) тумани ҳудудидан 0.8 сотих ер майдонини сотиб олиб беришни ваъда қилади. Ушбу ер майдони учун олдиндан 15 000 АҚШ долларини олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Судланувчи ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттиради. 0.8 сотих ер майдони сотиб, бунинг ортидан моддий манфаат кўриш мақсадида, ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи “Архитектурно-планировочное задание”, “выписка из решения”, “АКТ”, “План”, ва “архив маълумотномаси” ҳужжатларини қалбакилаштириб, танишига тақдим этган.
Янгиҳаёт тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси эксперт-криминалистика бўлимининг судга оид техник экспертиза хулосасига кўра, “Архитектурно-планировочное задание”, “выписка из решения”, “АКТ”, “План”, ва “архив маълумотномаси” ҳужжатларидаги реквизитлар, босма ёзувлар, думалоқ шаклдаги печат ва имзо принтерда тайёрланганлиги аниқланган.
“Қилмишларимдан пушаймонман”
— Ҳақиқатдан ҳам жабрланувчини яқиндан танийман. 2017 йилнинг июнида унинг уй-жой сўраб суриштириб юрганлигини эшитдим. У билан учрашиб, унга ер участкаси борлигини, хоҳласа 8 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришимни, эвазига 15 000 АҚШ доллари беришини айтдим. Шунда сотиладиган ер майдони қаерда жойлашганлигини сўради. Янгиҳаёт тумани Чоштепа МФЙнинг қир бағрида жойлашганлигини билдирдим. “Ерни кўришим керак”, дегани боис орадан 2 кун ўтиб, танишимни Чоштепада жойлашган қирнинг орқасига олиб бордим. Унга ер майдони маъқул келди ва ўша ернинг ўзида 5 000 АҚШ доллари берди. Қолган 10 000 АҚШ долларини бир ойдан сўнг беришини маълум қилди. Рози бўлдим ва орадан 20-25 кун ўтиб, танишим менга онасининг паспортини бериб, ҳужжатларни онасининг номига расмийлаштиришни айтди. Қолган 10 000 АҚШ доллари ҳам берди. Ер майдонини онасининг номига ҳужжатларни расмийлаштириб бердим. Олган 10 000 АҚШ долларини ўз эҳтиёжларим учун ишлатдим. Ҳозирда қилмишларимдан пушаймонман, – дея айбига иқрор бўлган судланувчи суд мажлисида суддан қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оилада ягона боқувчи эканини билдириб, унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
“Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари алданиб қолганимни айтишди”
Жабрланувчи ҳам қуйидагиларни баён қилди…
— Танишимга ҳеч қандай гувоҳларсиз 5 000 АҚШ доллари санаб берганман. У менга тез ва осон бўлиши учун ерни ёши каттароқ шахснинг номига расмийлаштиришни айтди. Ўз номимда бўлган “Mercedes” русумли автомашинамни сотиб, етмаганига ўзимдан пул қўшдим. Яна 10 000 АҚШ доллари ва онамнинг фуқаролик паспорти билан бирга олиб бориб бердим. У вақтда ҳам гувоҳлар бўлмаган ва ҳеч қандай тилхат олмаганман. Қайинимнинг уйида туғилган куни муносабати билан ўтирган вақтимда, танишим қўнғироқ қилиб, қаерда эканимни сўради. Орадан тахминан 5-10 дақиқа ўтиб етиб келиб, “табриклайман, бугун қўшалоқ байрам экан”, деб ҳужжатларни берди. Орадан тахминан 1-2 кун ўтиб, ўзимга тегишли ер майдонини девор билан ўраб қўймоқчи бўлиб борсам, жўхори экилганини кўрдим. Танишим эса “жўхори 25-30 кун ичида ҳосил беради. Шунча кун кутдингиз, яна бир оз вақт кутинг, кейин ерни ўраб олаверасиз”, деди. Яна кутишга рози бўлдим. 25-30 кун ўтиб, яна ўша ер майдонига борганимда, менга тегишли бўлган ер майдони атрофига кўп қаватли уйлар қурилган ва ер майдони тунука билан ўраб олинганини кўрдим. Суриштирганимда, у ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимиятига қарашли экани маълум бўлди. Шундагина танишим алданганини билиб, унга қўнғироқ қилдим. Жавоб бермагач, уйига бордим. Менга бошқа жойдан ер қилиб беришни ваъда қилди. Бир неча кунлар ўтиб, ундан “ер нима бўлди?” деб сўраганимда, “ака, берган пулингизни еб кетмайман”, дея сабр қилишимни сўради. Сўнг Тошкент шаҳар ҳокимиятига бориб, танишим берган ҳужжатларни кўрсатдим. Ҳокимият вакиллари алданиб қолганимни айтишди. Танишимдан пулларимни қайтаришни сўрадим. Шу орада унинг онаси, бир неча кун ўтиб эса отаси вафот этди. Уни ҳолатини тушунган ҳолда вақт бердим. Шу тариқа турли баҳоналар қилиб, пулни бермади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилдим. Ҳозирда менга етказилган ва айбловда кўрсатилган 59 378 400 сўм қопланган. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ. Қолган моддий зарарни ундириб беришни сўрайман.
Суд ҳукм қилди…
Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
ЖКнинг 59 ва 61-моддалари тартибида унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини 3 кунини 1 кун озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб, қисман қўшиш йўли билан ўташ учун 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
ЖКнинг 59-моддасининг 8-қисми тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2021 йилдаги ҳукми билан тайинланган, суднинг 2022 йилдаги ажрими билан ЖКнинг 48-1 моддасига асосан алмаштирилган 3 йил озодликни чеклаш жазосидан қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жабрланувчининг фойдасига 15 000 АҚШ доллари ҳукм эълон қилинган санадаги Ўзбекистон сўмига нисбатан бўлган қийматда, яъни 162 706 200 сўм ундирилиши белгиланди.
Жабрланувчига айбловда кўрсатилган 59 378 400 сўм миқдоридаги моддий зарар қопланганлиги инобатга олинган ҳолда судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 103 327 800 сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Бахром ТАШПУЛАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси