29 НАФАР ШАХС ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар суди томонидан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Яшнобод туман аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди.

Яшнобод туманидаги “Фидоийлар” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шухрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари — иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раис ўринбосари Ғолибжон Давлатов ва фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Бехзод Сагатов, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди раиси Аброр Саидов, Тошкент туманлараро суди раис ўринбосари Исломжон Хамроев, судьялар фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 58 нафар фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар билан судьяларга юзланишди. 57 нафар фуқаронинг оғзаки, 1 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 39 нафари жиноят ишлари бўйича, 18 нафари фуқаролик ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Жами 58 та мурожаатлардан 27 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 31 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан 29 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

— Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир қилганликда айбли деб топилиб, менга нисбатан 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди. Жазони ўташ даврида ўзимни жиноий қилмишларимни тўлиқ англаб етиб, тузалиш йўлига қатъий ўтиб, белгиланган тақиқлар, чекловлар ва мажбуриятларга тўлиқ амал қилиб келдим. Тайинланган жазо муддатини 1/3 қисмидан кўпроғи, яъни 4 ой 20 кунни ўтаганман. Бугунги сайёр судда 7 ой 10 кун озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндим. Бундан буён бошқа бу каби хатоларга йўл қўймайман, жамиятга фойдали меҳнат билан шуғулланиб, атрофдагиларга ўрнак бўламан. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, фуқароларнинг мурожаатларига беэътибор бўлмай, шундай сайёр қабуллар ташкиллаштираётган Тошкент шаҳар судига раҳмат, – дейди аёл.  

Эслатиб ўтамиз, мазкур сайёр қабуллар шаҳарнинг барча туманларида бўлиб ўтади. Галдаги сайёр қабул эса 13 май санасида Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туман фуқаролари учун ўтказилади.