21 НАФАР ШАХС ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Тошкент шаҳар суди томонидан “Менинг маҳаллам — менинг судьям” шиори остида мунтазам равишда жойларда сайёр учрашувлар, сайёр қабуллар ўтказиб келиняпти. Судьялар томонидан ўтказиладиган бу каби cайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляпти. Боиси фуқароларни овора қилмай, вақти ва маблағини тежаш мақсадида уларни қийнаётган муаммоларни жойларга чиқққан ҳолда ўрганиляпти.
Тошкент шаҳар суди томонидан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган галдаги сайёр қабул ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари аҳолиси учун ўтказилди.
Юнусобод туманидаги “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туман ва туманлараро суди раислари ва судьялари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.
Сайёр қабулда жами 46 нафар фуқаролар қабул қилинди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 26 нафари жиноят ишлари, 17 нафари фуқаролик ишлар бўйича ва 3 нафари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид мурожаатлар билан судьяларга юзланишди.
Шундан 25 нафар фуқаронинг оғзаки ҳамда 21 нафарининг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.
Жами 46 та мурожаатлардан 23 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 1 та мурожаатчининг судланганлик ҳолати олиб ташланди, 23 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.
Сайёр қабулда сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туман судлари томонидан 21 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси Шуҳрат Бакаев раислигида 47 ёшли маҳкумнинг ҳам иши кўриб чиқилди. Унга 2020 йил Жиноят кодексининг 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми ва 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддтга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
– Ҳозирда менга тайинланган озодликни чеклаш жазосининг 1/3-қисмидан ортиқ қисмини ўтаганлигимни инобатга олиб, Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан мени жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишингизни сўрайман, – дея сайёр судда қилмишидан пушаймонлигини, қайтиб бундай хатоларга йўл қўймаслигини билдирди маҳкум.
Суд, иш ҳужжатларини ва тақдимномани атрофлича ўрганиб чиқиб, туман прокурори ёрдамчисининг фикрини тинглаб, маҳкум жазонинг муддатининг учдан бир қисмидан ортиқ, яъни озодликни чеклаш жазосининг 1 йил 14 кун муддатини ўтаганлигин, чин кўнгилдан пушаймонлигини, эътиборга олган ҳолда, маҳкумни жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни лозим топди.
Суднинг ажримига кўра, 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган маҳкум томонидан ўталмаган 1 йил 5 ой 16 кун озодликни чеклаш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
2022 йилнинг 1-чораги давомида Тошкент шаҳар судининг раиси ва туман суди раиси ҳамда судьялари томонидан шахсий ва сайёр қабулларидан 278 та фуқаролар ариза, таклиф ва мурожаатлари билан қабул қилинган. Шундан:
98 таси ёки 35,2 фоиз ёзма тарзда,
180 таси ёки 64,8 фоиз оғзаки равишда мурожаат қилган.
Улардан:
125 таси ёки 44,9 фоиз сайёр қабулда,
153 таси ёки 55,1 фоиз бевосита идорада қабул қилинган.
Шуниндек, жами 278 та мурожаатларининг 10 таси ёки 3,5 фоиз қаноатлантирилган, 268 таси ёки 96,5 фоиз ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раисининг навбатдаги сайёр қабули 18 май куни Бектемир туман фуқаролари учун бўлиб ўтади.