СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ: ИСЛОҲОТ ВА ИМКОНИЯТ

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш устувор аҳамият касб этмоқда. Бу шунчаки техник янгилик эмас, балки “адолатли ва тезкор суд” концепциясини амалга оширишнинг асосий воситасидир.

Айтиш жоизки, “Смарт” иқтисодий судларни, яъни иқтисодий соҳага сунъий интеллектни жорий этишнинг қатор афзалликлари бор.

Биринчи афзаллик – “Big Data” ва ҳужжатларни сонияларда таҳлил қилиш имконидир. Иқтисодий низолар, одатда, минглаб саҳифали бухгалтерия ҳужжатлари, банк кўчирмалари ва шартномаларни ўз ичига олади. Сунъий интеллект эса, ушбу улкан маълумотлар базасини сониялар ичида сканерлайди ва ундаги шубҳали операцияларни ёки қонунбузарликларни аниқлайди. Натижада судья ишни ўрганиш учун кетадиган ҳафталаб вақтини тежайди ва асосий эътиборни ҳуқуқий хулосага қаратади.

Иккинчи афзаллик – суд амалиётининг бир хиллигини таъминлаш билан боғлиқ. Президентимиз бир хил мазмундаги низолар бўйича турли судларда турлича қарорлар чиқарилиши тадбиркорларнинг ишончига путур етказаётганига эътиборни қаратди. Сунъий интеллект тизими аввалги барча суд қарорларини таҳлил қилиб, кўрилаётган иш бўйича “суд прецеденти” ва ҳуқуқий ечимларни судьяга тавсия сифатида тақдим этади. Коррупция ва инсон омили камаяди.

Учинчи афзаллик – инсон омилини ва коррупция хавфини камайтириш. Гап шундаки, шахсий манфаатга эга эмас. Ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлашда сунъий интеллект “манфаатлар тўқнашуви” мавжудлигини, масалан, судья ва тадбиркорнинг яқинлиги ҳолатини текширади. Қарабсизки, ишларнинг холис ва шаффоф кўрилиши таъминланади.

Тўртинчи афзаллик – низоларни соддалаштирилган ва масофавий кўришга бориб тақалади. Кўпгина кичик иқтисодий низолар, масалан, қарздорликни ундириш масаласи сунъий интеллект ёрдамида автоматик тартибда кўриб чиқилиши мумкин. Даъво аризаси берилганда сунъий интеллект ҳужжатларнинг тўлиқлигини текширади, агар эътироз бўлмаса, қарор лойиҳасини тайёрлайди. Натижада судларнинг иш юки 30-40 фоиз камаяди, бу эса, мураккаб инвестициявий низоларга кўпроқ вақт ажратиш имконини беради.

Бешинчи афзаллик – иқтисодий хатарларни прогноз қилиш, яъни олдиндан билиш салоҳияти. Сунъий интеллект тизими қайси соҳаларда ёки қайси корхоналар ўртасида низолар кўпаяётганини таҳлил қилиб, давлатга иқтисодий ислоҳотлар бўйича тавсиялар беради. Бундан мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошади, чунки инвестор ўз мулки сунъий интеллект назоратидаги адолатли тизим орқали ҳимояланишини билади.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий судларда сунъий интеллект судьянинг ўрнини босувчи куч эмас, балки адолат мезонини аниқ кўрсатувчи рақамли кўзойнакдир. У тадбиркорнинг вақтини ва маблағини тежайди, тизимдаги яширин занжирларни фош этади. Энг муҳими, суд жараёнларининг муддатини қисқартиради ва қарорларнинг асослилигини оширади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Президенти суд қарори чиқарилиши билан иш битмаслигини, бу қарорларнинг ижроси таъминланиши шартлигини ҳам қатъий таъкидлади. Бундан кўзланган асосий мақсад – суд қарорлари ижросини назорат қилишнинг электрон тизимини кучайтиришдир. Чунки агар иқтисодий суд қарори ижро этилмаса, бундай салбий ҳолат фақат суднинг эмас, балки бутун давлат тизимининг обрўсига путур етказади.

Сурайё Ганибаева,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьяси