Қидирув:

ГЛОБАЛ ЧАҚИРУВГА КОМПЛЕКС ЖАВОБ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали  уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлактимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича стратегик чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони – XXI асрнинг энг ўткир глобал таҳдидларидан бирига қарши курашда давлат сиёсий иродасини ифодаловчи комплекс режадир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2024–2028 йилларга мўлжалланган гиёҳвандлик ва нарко жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси қабул қилинди. Унда профилактика, жазо, реабилитация ва халқаро ҳамкорлик ягона кураш архитектурасига бирлаштирилган ҳолда тизимли ва кўп ўлчовли ёндашув намоён этилган.

Ҳужжат ички наркотик вазиятнинг ҳар томонлама таҳлилига асосланган бўлиб, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа глобал тузилмалар доирасидаги халқаро мажбуриятларини ҳам ҳисобга олади. Бундай ёндашув стратегиянинг ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро майдондаги легитимлигини мустаҳкамлайди.

Антинаркотик стратегия чора-тадбирларнинг бутун спектрини – ёшлар ўртасидаги профилактикадан тортиб, чегара ва божхона органларини техник қайта жиҳозлашгача – қамраб олади. Шу тариқа стратегия фақат жазоловчи усулларга таянишдан воз кечиб, профилактика, мослашув ва реинтеграцияни ўз ичига олган тизимли ёндашувга ўтишни намоён этади.

Стратегияда ёшлар билан ишлашга алоҳида ўрин берилган бўлиб – улар энг заиф гуруҳ бўлиши билан бирга, ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳамдир. Мактаб ва олий таълим муассасаларидаги дастурлар, спорт ва ижодий ташаббуслар, шунингдек, ёшлар ҳаракатларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш нарко боғлиқликка қарши барқарор иммунитетни шакллантиришга қаратилган.

2024–2028 йилларга мўлжалланган гиёҳвандлик ва нарко жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия Ўзбекистоннинг наркотиклардан холи жамиятни барпо этиш йўлидаги саъйи-ҳаракатларида муҳим бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Уқонун кучи, технологиялар мослашувчанлиги ва ижтимоий сиёсат гуманизмини ўзида уйғунлаштиради.

Сурайёхон Хожамкулова,

  жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг тергов судьяси

САЙЁР ҚАБУЛ: РАИСЛАРДАН ИШ ОРТМАДИ

Муайян масала юзасидан катта-ю кичик идора эшигини чертганларнинг аксариятида биринчи раҳбар қабулига кириш истаги бўлиши табиий.

 Биринчи раҳбарнинг ўзи аҳоли ҳузурига келса-чи?!

Шунинг ўзи наинки раҳбарлар, балки ўша орган ёки ташкилот фаолияти бўйича шаклланган тасаввурларни ўзгартиради. Муроди ҳосил бўлиб кетганларнинг мамнунлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бунинг акси бўлган тақдирда (ҳамма мурожаатчи ҳақ бўлиб чиқавермайди) ҳам мурожаатчининг кўнгли бир қадар кўтарилиб қайтишининг эҳтимоли катта. Чунки, “ўз оёғи билан” келган мутасадди билан кечган самимий мулоқот, шахсан ундан эшитган аниқ тушунтириш ва тавсияларнинг таъсири бўлакча бўлади барибир.

Сайёр қабулларнинг энг муҳим жиҳати шунда.

Бугун Яшнобод тумани «Машинасозлар» маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Олимжон Исмоилов ва пойтахт маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов бошқаларга иш қолдирмади ҳисоб.

Негаки, мурожаатчиларнинг аксарияти биринчи раҳбарлар қабулига кириш истагини билдирди-да.

 Бош устига. Марҳамат.

Сайёр қабул узлуксиз салкам тўрт соат давом этди. Бу вақт мобайнида 25 нафар мурожаатчи сабр ва тушуниш билан тингланди. Мурожаатларнинг мазмун-тоифасидан келиб чиқиб, айримлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, шунингдек, бир қанчаси ўрганиш учун қабул қилинди.

Бир нафар мурожаатчи йўл босиб, миннатдорлик билдиргани келган экан, ташаккурномаси мамнуният билан қабул  қилинди.

Шу ўринда яна бир гап: сайёр қабул Яшнобод туманида ўтказилган бўлса-да, пойтахтнинг бошқа ҳудудидан келганларнинг йўли тўсилгани йўқ.

Сайёр қабул доирасида сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилиб,  24 та маъмурий ва жиноят ишлари кўриб чиқилди. Якунда 3 нафар маҳкум жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 4 нафарининг жазоси енгилроғига алмаштирилди. Бундан ташқари 17 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларнинг барчаси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

“МУҲАНДИСЛИК”ДА: АВВАЛ ОЧИҚ МУЛОҚОТ, СЎНГ САЙЁР СУД…

Кеча Яккасарой туманидаги «Муҳандислик» маҳалла фуқаролар йиғинида доимгидан кўпроқ гавжумлик кузатилди. Маҳалланинг сарбони-ю посбони, фаоллар, катта-ю кичик шу ерда эдики, жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг икки нафар тергов судьяси (З. Нуриддинов, Ж. Ҳожимуродов) ташрифи ҳам кутилмаган ҳол бўлгани йўқ. Чунки, ушбу масканда нафақат судьялар ва аҳоли учрашуви, балки  сайёр суд муҳокамалари  ҳам белгиланган эди.

Сайёр суд дарҳол бошлангани йўқ. Тергов судьялари аввал маҳалла аҳлига юзланди. Айтилдики, жиноятчиликни жиловлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий бирдамлик ва  қадриятларни асрашда маҳалланинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳам  ўтказилаётган ислоҳотларда маҳалла институтига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йил йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили деб эълон қилинганини бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб, айрим фуқаролар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар хусусида ҳам сўз юритилиб, маҳалла аҳлининг қатор қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Шундан сўнг бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар юзасидан сайёр суд мажлислари бошланди. Унда майда безорилик, жамоат жойида тартибсизлик, алимент тўлашдан бўйин товлаш, ички ишлар органлари қонуний талабига бўйсунмаслик, маст ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарлик ифодаланган ишлар кўриб чиқилди.

Қабул қилинган суд қарорларининг мазмуни ҳам атрофлича тушунтирилди. Тушунтириш жараёнида ҳар қандай ножўя ҳарақатлар учун жазо муқаррарлиги такрор таъкид этилгани йўқ. Негаки, бўлиб ўтган жараённинг ўзи бунга яққол ва жонли мисол эмасми?!

“БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ, БИРНИ КЎРИБ…”

Жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хос тоифалари бор. Аммо, кенгроқ олиб қаралса, қилмишнинг катта-кичиги бўлмайди. Жазо – оқибат, холос. Жазодан мақсад эса тарбия. Бунинг учун панд-насиҳат, қуруқ маърузанинг ўзи камлик қилади. “Бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб – шукр”, деб бежиз айтилмаган. Шу ҳикматдан келиб чиқилса, жойларда ўтказилаётган сайёр суд мажлисларининг аҳамияти янада кенгроқ намоён бўлади.

 Бу ўринда суд муҳокамаларининг ушбу шакли тизим фаолиятида очиқ ва шаффофлик ифодаси эканигина назарда тутилаётгани йўқ. Сайёр суд мажлислари бир вақтнинг ўзида халқ билан мулоқот воситаси, турли қилмишларнинг олдини олишда муҳим омил ҳамда ҳуқуқий тарғибот ҳисобланади. Қолаверса, қонунга ҳурмат ва итоат ҳисси шаклланиши учун ҳам қонунсизлик оқибатини кўрсатиб туриш керак.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг уч нафар тергов судьяси (С.Хожамкулова, Ж.Саидов ва Б.Омонов) шу мақсадда туманнинг “Шаҳрисабз” маҳалла фуқаро йиғини биносида сайёр суд мажлислари ўтказди.

Унда бир нечта маъмурий ҳуқуқбузарликлар оид ишлар кўриб чиқилди.

Жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган жараёнда  диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тарқатиш, мулкка қасддан зарар етказиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, жамоат жойларида умумэътироф этилган ахлоқ меъёрларини бузиш ифодаланган ҳуқуқбузарликларни содир этган бир неча нафар шахсларнинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

 Суд муҳокамалари якунида ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи ва бошқа ҳолатлар эътибордан соқит қилингани йўқ.

 Қабул қилинган суд қарорларининг мазмун-моҳияти тергов судьялари томонидан атрофлича, содда тил ва оҳангда тушунтирилди.

ПОЙТАХТ СУДЛАРИГА ЯНГИ СУДЬЯЛАР КЕЛДИ

   Бугун бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари мажлисида  судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган 24 нафар судья қасамёд қабул қилди.

      Уларнинг етти нафари Тошкент шаҳрининг айрим туман ва туманлараро судлари судьялигига муносиб кўрилган.

        Хусусан, Судьялар олий кенгаши қарорига мувофиқ:

         Джураев Муродали Шамуратович –  судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг судьяси лавозимига;

         Хасанов Сирожиддин Хусниддин ўғли – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси лавозимига;

         Жабборов Марат Узоқович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси лавозимига;

         Эгамбердиев Элдор Элмуротович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси лавозимга;

         Умарова Фариза Носировна – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг тергов судьяси лавозимига;

         Мейлиев Баҳодир Иводуллаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг судьяси лавозимига;

         Яхшибоев Сардорбек Панжиевич – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг судьяси лавозимга тайинланди.

СУДЬЯЛАР БЎЛАЖАК ҲАМКАСБЛАРИ БИЛАН ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗДИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг олти нафар судьяси ва  Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси иқтисодий ҳуқуқ кафедраси тингловчилари иштирокида ўтган давра суҳбати режадаги тадбирнинг ижросидай кўриниши мумкин.

Аслида ҳам шундай, бироқ бундай тадбирлар ҳисоботга безак бўлиши учунгина ташкил этилмайди. Ҳаммаси ҳисоб-китоблики, буни давра суҳбати учун танланган контентдан илғаш ҳам қийин эмас. Бир тарафда нисбатан ёш судьялар, иккинчи томонда шундай рутбага тобора яқин келаётган тингловчилар. Яъниким, дунёқараш яқин, ният-у истаклар муштарак, демакки,  тадбир расмиятчиликдан йироқ, қизғин, шу билан бирга самимий кечиши  аниқ.

Натижа ҳам шунга монанд бўлади, насиб

Давра суҳбатида  асосий эътибор  давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига, хусусан,  комплаенс ва коррупцияга қарши муросасизлик, ички назорат масалаларига қаратилди.

Айтилдики, суд тизими бундай иллатлардан холи бўлиши керак. Чунки, жамоатчиликнинг судга бўлган ишончи замирида давлатга нисбатан ҳам ишончи ётади. Судьяларнинг мамлакат номидан қарор чиқаришининг ўзи ушбу лавозим масъулиятини англаш учун етарли, аслида. Бунинг учун тизимнинг ҳар бир вакили, аввало, ўзига нисбатан адолатли бўлиши лозим. Одамнинг ўзига нисбатан адолатли бўлиши, биринчи навбатда, ўз камчиликларини билиши ва тан олишида кўринади, уларни бартараф этишни малол олмайди. Ўзига нисбатан адолатли бўлганлар эса ўзгаларга нисбатан адолатсизлик қилмайди. Ҳар бир судьянинг коррупцияга қарши  муросасизлиги, аввало, ўзини ислоҳ қилишидан бошланади.

Давра суҳбатида, таклиф ва истаклардан келиб чиқиб, Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва  бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги қарори, унинг қабул қилинишига сабаб бўлган эҳтиёжлар, шу турдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг амаётга татбиқ этиш тартиби ва механизмлари юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.

 Якунда назария ва амалиёт ўртасидаги уйғунлик аҳамиятидан келиб чиқиб, тингловчиларга очиқ суд процессларида яна-да фаол иштирок этиш орқали   касбий кўникмаларни шакллантириш муҳимлиги айтилиб,  судьялар бу борада лозим кўмакка тайёр экани алоҳида қайд этилди.

Жамоавий муваффақият масъулияти ва устоз насиҳатлари

Тошкент шаҳар судлари судьялари ва суд ходимлари учун анъанавий “Маърифат                                                            соати” бўлиб ўтди

 Жамоа муваффақиятида фаол ходимларнинг улуши алоҳида бўлиши табиий, бироқ унда барчанинг хос ҳиссаси мавжуд. Ҳар қандай жамоавий муваффақият, аввало, муҳитга боғлиқ экани аён. Шундан келиб чиқиб,  Тошкент шаҳар судлари судьялари ва суд ходимлари иштирокида ўтган бу галги “Маърифат соати”да жамоа жипслиги, ишчанлик муҳити барқарорлиги ва ўзаро ҳурмат масалалари ҳақида сўз юритилди.

Тадбир, анъанага мувофиқ, ихчам, қисқа, бироқ таъсирли ўтди.

Айтилдики, судьянинг мустақиллиги, муайян ишлар бўйича ҳисобдор эмаслиги, одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига аралашувларга йўл қўйилмаслиги қонун билан кафолатланган. Шу билан бирга суд ҳокимияти нуфузи ва обрўйи тизим вакиллари ўртасидаги  ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка боғлиқ экани ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик эса кабий мустақилликка ҳурматдан бошланади. Бу борада суд раислари (ўринбосарлари) ўзининг холислиги, фидойилиги ва касбига садоқати бўйича бошқаларга ўрнак бўлиши лозим экани соҳага оид меъёрий ҳужжатларда мажбурият сифатида бежиз қайд этилмаган. Чунки, суднинг самарали фаолияти судья ва суд ходимларининг касбий салоҳиятига боғлиқ, демак,  раҳбар судьялар бу борада лозим чоралар кўриб бориши кераклиги ўз-ўзидан. Зотан, жамоадаги самимий муҳитнинг иш самарадорлигига таъсири алоҳида, бунда салоҳиятли кадрларнинг ўрни ва ҳиссаси беқиёсдир.

Тадбирда Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист ва ёшлар мурабиий, устоз Убайдулла Мингбоевнинг судья ва суд ходимларига насиҳатлари ўқиб эшиттирилди.

СУД ВА БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ: ЯНГИ СТРАТЕГИЯ ЯНГИ ВАЗИФАЛАРНИ ЮКЛАМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил 24 декабр куни имзолаган “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги тўғрисидаги  Фармон билан 2026–2030-йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Ушбу стратегиянинг бош мақсади – “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижросини самарали йўлга қўйиш, болалар учун хавфсиз муҳитни таъминловчи барқарор тизим яратишдир. Фармон бу орқали давлатнинг халқ ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини тасдиқлашга хизмат қилади – яъни, зўравонликка мутлақо муросасиз муносабатда эканимизни ва уни бартараф этишга қатъий аҳд қилганимизни намойиш этади.

Стратегиянинг долзарблиги, афсуски, статистик маълумотларда ҳам акс этмоқда. 2024-йилда Ўзбекистонда 1 028 нафар бола жисмоний зўравонликка, 412 нафар бола эса жинсий зўравонликка дучор бўлган. Шунингдек, 929 нафар бола руҳий зўравонлик (психологик босим) қурбонига айланган. Бу рақамлар жамиятимиздаги айрим оғриқли муаммоларни кўрсатади ва болаларни ҳимоя қилиш масаласи қанчалик долзарб эканини тасдиқлайди. Шу боис янги стратегия қабул қилиниши орқали Ўзбекистон ушбу йўналишда халқаро ташаббусларга ҳам қўшилди – хусусан, мамлакатимиз Богота чақириғига қўшилиб, болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича Глобал алянс (Pathfinding Allience) аъзоси бўлди. Бу қадамлар болаларга нисбатан ҳар қандай зулм ва зўравонликка тоқатсиз жамият барпо этиш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янги стратегия доирасида суд-ҳуқуқ тизимига алоҳида масъулият юкланди. Фармоннинг мазмун-моҳиятига кўра, жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия ва маъмурий қонунчиликка комплекс ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилган бўлиб, бунинг асосий мақсади – терговдан тортиб суд ҳукми чиқарилгунга қадар барча босқичларда боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда болага дўстона муносабатни жорий этишдир. Яъни, бундан буён суд жараёнлари ва тергов ҳаракатлари болалар учун имкони борича стрессиз, адолатли ва уларнинг ёшига мос тарзда ташкил этилиши стратегик вазифа сифатида белгиланди.

Суд ҳокимияти вакиллари – судьялар, прокурорлар, терговчилар – эндиликда болалар иштирокидаги ишларни кўриб чиқишда янги ёндашувларга амал қилиши лозим бўлади. Жиноят ишлари бўйича, айниқса, болалар жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида қатнашган процессларда, уларнинг ҳуқуқларини максимал даражада ҳимоялаш талаб этилади. Фуқаролик ишлари (масалан, васийликка оид низолар, ажримда бола ким билан қолиши, фарзандликка олиш каби масалалар)да эса “боланинг энг яхши манфаатлари” принципи қатъий устувор бўлади – буни таъминлаш учун судлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда қарорлар қабул қилади. Маъмурий ишлар доирасида ҳам болаларга дахлдор масалаларда қонунчилик кучайтирилмоқда. Масалан, янги тартибларга кўра, таълим, соғлиқни сақлаш ёки ижтимоий соҳа ходимлари хизмат вазифасини бажариш жараёнида болага нисбатан зўравонлик содир этса ёхуд шундай ҳолатдан хабар топиб ҳам билдирмаса, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади. Бу ўзгариш таълим муассасалари ва бошқа идораларда болаларни ҳимоя қилиш бўйича жавобгарликни оширади.

Юқоридаги стратегик чора-тадбирлар тизимли ёндашувга асосланган. Давлат болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда судларнинг ролини кучайтирмоқда, зеро суд ҳокимияти адолатни таъминлаш баробарида жамиятда профилактик вазифани ҳам ўташи керак. Судларнинг ҳар бир қарори фақат қонун ижроси эмас, балки болаларга нисбатан зўравонликка муросасиз муҳитни шакллантиришга хизмат қилиши лозимлиги таъкидланмоқда.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида судлар олдида пайдо бўлаётган янги функциялар кўпроқ процессуал жараёнлардаги ўзгаришларда намоён бўлади. Хусусан, ота-оналар, педагоглар ёки бошқа масъул шахслар иштирокидаги болаларга оид ишлар бўйича суд мажлисларида энди қўшимча иштирокчилар таъминланмоқда. Фармоннинг 4-бандига мувофиқ, агар зўравонлик ҳолати боланинг ота-онаси ёки яқин қариндошлари томонидан содир этилган бўлса, бундай ишларни судгача тергов қилиш ва суд жараёнида васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этиши шарт. Судья бундай ишларни кўраётганда, ушбу вакилнинг қатнашуви орқали боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг овозини эшитилишини таъминлайди. Бу янгилик судларга қўшимча масъулият юклайди – энди улар нафақат ҳуқуқий баҳо берувчи, балки болага ғамхўрлик нуқтаи назардан ҳам қарор қилувчи механизмга айланмоқда.

Бундан ташқари, стратегия болаларга оид суд жараёнларига ижтимоий ходимларни жалб этишни назарда тутади. Мақсад – бола манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш. Масалан, жиноят ишида жабрланувчи бола бўлса, жараёнларда психолог ёки ижтимоий соҳа мутахассиси қатнашиб, судга боланинг ҳолатини ҳисобга олишда кўмак бериши мумкин. Янги стратегия ана шундай илғор тажрибаларни Ўзбекистонда ҳам қўллашга интилмоқда. Фармонда қайд этилишича, тегишли идоралар миллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда судьялар, терговчилар, прокурорлар ҳамда адвокатлар учун болалар билан ишлаш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этади. Бу ўқувлар натижасида суд тизими ходимлари болалар психологияси, мулоқот маданияти ва нозик процессуал услублар бўйича малака оширади, натижада суд жараёнларида болалар билан муомала қилишда янги вазифаларни пухта адо эта олади.

Яна бир муҳим жиҳат – судлар энди болаларнинг фикрини эшитишга кўпроқ эътибор бериши шарт бўлади. Мисол учун, васийлик ва ҳомийликка оид фуқаролик ишларида 10 ёшдан ошган болаларнинг ўз фикрини билдириш ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган. Эндиликда васий ёхуд ҳомий болани бошқа жойга кўчиришга қарор қилса, 10 ёшга тўлган боланинг розилиги ҳам олиниши шартлиги қонун лойиҳаларида назарда тутилмоқда. Судлар бундай ҳолларда болаларнинг фикрини инобатга олиб, қарор қабул қилишлари лозим бўлади. Шу тариқа, суд тизими болаларга оид ишларни кўриб чиқишда нафақат ҳуқуқий мезонлар, балки инсонпарварлик ва болапарварлик тамойилларига таянган ҳолда ишлаши кутилмоқда.

Юқоридаги стратегик вазифалар ва янги функциялар амалиётда қатор муҳим ўзгаришларни бошлаб беради. Суд ва тергов жараёнларида қуйидаги янгиликлар жорий этилиши кутилмоқда:

-2026 йил 1 сентябрдан бошлаб зўравонлик қурбони бўлган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болалар илк процессуал ҳаракатлардан бошлаб давлат ҳисобидан адвокат ёрдамини олади. Яъни, энди бола жабрланувчи сифатида тан олиниши билан унга автоматик равишда ҳуқуқий ҳимоячи бириктирилади;

-зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатмалари мажбурий тартибда видеофикцатсия қилинади. Бунда тергов жараёнида бола берган асосий кўрсатма видеога ёзиб олинади ва кейинчалик судда шу ёзув далил сифатида ишлатилиши мумкин. Бу усул болани бир неча бор такроран сўроқ қилиш заруратини камайтиради ва унинг руҳий жароҳатини чуқурлаштирмасликка қаратилган. Суд амалиётида бу ўзгариш катта аҳамиятга эга – авваллари болалар бир неча босқичда (аввал терговда, сўнг судда) қайта-қайта воқеани эслаб беришга мажбур эди. Эндиликда эса видеоёзув орқали “бир марта – етарли” тамойили амалга ошади, яъни бола бир марта сўзлаб берган бўлса, шу кўрсатмаси кейинги босқичларда ҳам инобатга олинади;

-зўравонлик жиноятлари бўйича, айниқса жинсий зўравонлик ҳолатларида, бола жабрланувчи билан айбланувчини юзлаштириш терговчи ёки прокурор қарори (ёки суд ажрими) билангина ўтказилиши қонунчиликка киритилмоқда. Бу дегани, эндиликда ҳар бир ишда одатий тартибда жабрланувчи болани суд залида айбланувчи қаршисида кўрсатма беришга чиқариш амалиёти чекланади. Фақат зарур ҳоллардагина ва фақат масъул расмийларнинг асослантирилган қарорига биноан бундай тўқнашувга йўл қўйилиши мумкин;

-стратегия доирасида судьялар, терговчилар, прокурорлар ва адвокатлар махсус ўқитилиши белгиланган. Болалар билан ишлашнинг ўзига хос усуллари бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, мутахассислар малакаси оширилади;

Юқоридаги ўзгаришлар 2026-йилдан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилади. Натижада суд амалиётида катталарникидан фарқли, махсус ёндашув талаб этиладиган тоифа – болалар билан ишлашнинг янги стандарти шаклланади. Суд ҳокимияти учун бу жиддий ислоҳот бўлиб, унинг самарали жорий этилиши судьяларнинг фақат қонун қўриқчиси эмас, балки болаларнинг ҳимоячиси сифатида ҳам майдонга чиқишини англатади.

Стратегияда назарда тутилган ислоҳотлар фақат процессуал жиҳатларнигина қамраб олмайди, балки судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини ошириш масаласини ҳам қамраб олади. Албатта, вояга етмаганларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш учун баъзи суд жараёнлари ёпиқ эшиклар ортида ўтиши мумкин. Бироқ, умумий маънода, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳар бир иш бўйича судларнинг қарорлари ва ёндашувлари жамият эътиборида бўлади. Бу масъулиятни инобатга олган ҳолда, фармон ижроси доирасида бир қатор механизмлар ишга туширилмоқда.

Биринчидан, ахборот алмашинуви ва ҳисобот тизими яхшиланади. 2026 йилдан “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими базасида зўравонлик қурбони бўлган болалар ва зўравонликка мойил шахслар ҳақида ягона электрон платформа яратилиши белгиланган. Ушбу платформа турли давлат органларининг (шу жумладан, судларнинг) ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. Натижада, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича ягона статистика шакллантирилади, ҳар бир ишнинг кўрилиши ва ҳал этилиши босқичма-босқич кузатиб борилади.

Иккинчидан, судларнинг ўзида ҳам шаффофликни ошириш чоралари кўрилади. Хусусан, Олий судга стратегия доирасидаги топшириқларга асосан суд амалиётини такомиллаштириш юклатилган. Суд тизими энди болаларга оид ишлар бўйича алоҳида маълумотларни йиғиб, таҳлил қилиб боради. Эҳтимол, келгусида Олий суд йил якунида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги суд амалиёти бўйича махсус ҳисоботлар эълон қилиши мумкин. Бу орқали қайси судда нечта иш кўрилгани, қандай қарорлар қабул қилингани, жиноятчиларга қандай жазо тайинлангани каби маълумотлар жамоатчиликка маълум қилиб борилади.

Учинчидан, фармонда ахборот-тушунтириш ишларига ҳам урғу берилган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ОАВ биргаликда мазкур Фармон ва Стратегиянинг мақсад-вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиши белгиланган. Бу дегани, жамият тез-тез телевизор, радио, интернет ва матбуот орқали ушбу мавзудаги эшиттириш ва мақолаларни кўради. Судлар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ОАВ ҳамкорлиги муҳим: масалан, суд амалиётида болалар ҳуқуқларига оид ижобий ўзгаришлар, янги қоида ва тартиблар ҳақида жамоатчиликка оддий тилда маълумот бериб борилади. Бу эса нафақат судларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлигини оширади, балки профилактик таъсир ҳам кўрсатади – ота-оналар, педагоглар ва бошқалар болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо муқаррар эканини, суд тизими бу масалада қаттиқ туришини билиб боришади.

Янги стратегия доирасида белгиланган вазифалар ва ислоҳотлар 2026–2030 йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида болаларни ҳимоя қилишнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб берди. Шунингдек, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш давом этади. Стратегия ижроси доирасида қатор қонун ва кодексларга ўзгартишлар киритилади. Бу ўзгаришлар қаторида, юқорида айтиб ўтилганидек, вояга етмаганларни тергов ва судда сўроқ қилиш тартиб-таомиллари, ота-оналар ёки педагогларнинг зўравонлиги учун жавобгарлик, фарзандликка олиш ва васийлик масалаларида қўшимча кафолатлар каби масалалар бор. Болаларнинг ҳуқуқий ҳимоя даражасини ошириш ва бўшлиқсиз қонунчиликни шакллантириш – келгуси йиллардаги устувор мақсадлардандир.

Яна бир йўналиш – болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш бўлиб, бу ҳам бевосита суд-ҳуқуқ соҳасига таъсир қилади. Мисол учун, республикада профессионал тутинган оила институти ва “Меҳрли оила” хизмати йўлга қўйилмоқда. Бу орқали оилавий муҳитдан ажралган ёки зўравонлик туфайли оиласидан чиқариб олинган болалар вақтинча тарбиячи оилаларга жойлаштирилиб, суд қарори асосида уларнинг ҳуқуқлари кафолатланади. Судлар бу жараёнда назорат ва ҳуқуқий кафолат берувчи орган сифатида иштирок этади – масалан, васийлик ва ҳомийлик органлари билан бирга болани оилага жойлаштириш ёки қайтариш масалаларини ҳал қилади.

Идоралараро ҳамкорлик ҳам асосий устуворлардан бири. Болаларни ҳимоя қилиш фақат суд ёки фақат ички ишлар органлари ишигина эмас, балки бутун бир тизим фаолиятидир. Янги стратегияда айнан идоралараро интеграция принципиал аҳамият касб этиши таъкидланган – таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ягона фронт сифатида ишлаши зарур. Суд ҳокимияти ҳам бу ҳамкорликнинг муҳим бўғини бўлиб, масалан, вояга етмаганларга оид суд қарорларини бажаришда ижтимоий хизматлар билан мувофиқликда ҳаракат қилади. Бир мисол: агар суд ҳукми билан бола зўравонликдан жабрланган деб топилиб, ота-онанинг ҳуқуқлари чекланса, кейинги босқичда уни реабилитация қилиш, оилага қайта мослаштириш жараёнлари ижтимоий агентликлар томонидан давом эттирилади. Судлар эса бу жараён устидан назоратни амалга оширади, зарурият туғилса, қайта кўриб чиқиш ёки чоралар кўришни таъминлайди.

Умуман олганда, 2026–2030 йилларда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланади. Суд-ҳуқуқ соҳаси бу сиёсатда марказий ўрин тутади – янги ҳуқуқий нормалар ва амалиётлар орқали болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари нафақат қоғозда, балки реал ҳаётда ҳам ҳимояланишига эришилади. Халқаро илғор тажрибалар – жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Unicef тавсия этган INSPIRE стратегиялари (болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир комплекс чора-тадбирлар) – Ўзбекистон шароитига мослаштириб жорий этилмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизнинг болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасида дунёдаги илғор давлатлар қаторидан жой олишига замин яратади.

Янги қабул қилинган стратегия ва унинг ижросига қаратилган ислоҳотлар болаларни ҳар томонлама зўравонликдан ҳимоя қилиш йўлида улкан қадамдир. Суд ҳокимияти ушбу жараёнда ҳал қилувчи рол ўйнаб, болалар учун адолат қалқони бўлиб хизмат қилади.

Гулҳаё Жумаева,

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

ЁШЛАРДА КОРРУПЦИЯГА НИСБАТАН НАФРАТ ЭМАС, БАЛКИ ҲАЛОЛЛИККА НИСБАТАН ФАХР ТУЙҒУСИНИ УЙҒОТИШ ЛОЗИМ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувини олдини олиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тизимли ва қатъий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан соҳанинг ҳуқуқий пойдевори яратилди.

 Энг муҳим қадамлардан бири — «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бўлди. (2024 йил июнь ойидан кучга кирди)

Бу қонун билан давлат хизматчилари учун манфаатлар тўқнашуви нима эканлиги аниқ белгилаб берилди. Шунингдек, давлат ташкилотларида бундай ҳолатларни декларация қилиш (хабар бериш) мажбурияти юклатилди.

Коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг иши эмас, балки алоҳида тизимли ёндашув эканлигини тушуниш лозим.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев «коррупцияга қарши энг самарали восита — рақамлаштириш» эканлигини кўп бора таъкидлаган.

Ўзбекистон суд тизимида коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш ва унинг олдини олиш бўйича сўнгги йилларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу чора-тадбирлар нафақат қонунчиликни такомиллаштириш, балки соҳани тўлиқ рақамлаштириш ва инсон омилини камайтиришга қаратилган.

Суд тизимида ҳам рақамлаштириш ва очиқликни таъминлаш борасида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан:

Ишларни автоматик тақсимлаш: судларда даъво аризалари ва ишлар судьялар ўртасида инсон омилисиз, махсус «E-XSUD» кейинчалик “ADOLAT” ахборот тизими орқали тасодифий тартибда тақсимланади. Бу «танланган» судьяга иш тушишининг олдини олади.

-очиқ суд мажлислари: суд мажлисларини аудио ва видеога олиш тизимлари жорий этилган.

-қарорлар базаси: суд қарорлари махсус порталда эълон қилиб борилмоқда, бу эса жамоатчилик назоратини кучайтиради.

Судьяларни танлаш ва тайинлашнинг янги механизми:

-судьялик лавозимига номзодларни саралаш жараёни тубдан ўзгарди:

-очиқ танловлар: Судьялар олий кенгаши томонидан номзодларни саралаш имтиҳонлари онлайн режимда кўрсатилади.

-Психологик тест ва IQ: номзодларнинг нафақат билими, балки руҳий барқарорлиги ва ҳалоллик даражаси ҳам текширилади.

-Судьяларнинг дахлсизлиги ва жавобгарлиги: судьялик ваколатига асоссиз аралашувлар учун жавобгарлик кучайтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшларни коррупциядан йироқ бўлишга, ҳалоллик ва ватанпарварлик руҳида тарбияланишга даъват этиб, бу борада бир нечта муҳим концептуал йўналишларни илгари сурган. Жумладан,

-«ҳалоллик вакцинаси» ва маънавият

Президентимиз жамиятни коррупциядан тозалаш учун, энг аввало, ёшлар онгига «ҳалоллик вакцинаси»ни сингдириш кераклигини бот-бот таъкидлайдилар.

Коррупция — бу фақат иқтисодий жиноят эмас, балки маънавий инқироздир. Ёшлар кичик ёшиданоқ меҳнат билан топилган даромаднинг баракаси ва ҳаром бойликнинг оқибатини тушуниб етишлари зарур.

Ёш авлодга коррупция ва манфаатлар тўқнашуви каби мураккаб тушунчаларни тушунтиришда қуруқ қонун моддаларидан кўра, ҳаётий мисоллар, ахлоқий қадриятлар ва ўйин шаклидаги методлардан фойдаланиш кўпроқ самара беради.

Масалан: болаларга коррупция сўзини «адолатсизлик» ёки «ўзганинг ҳақини ейиш» деб тушунтириш керак.

Манфаатлар тўқнашувини тушинтиришда эса: буни икки томонлама мажбурият сифатида, Масалан: «агар сенинг аканг мусобақада ҳакам бўлса ва сен ҳам ўша мусобақада қатнашаётган бўлсанг, аканг сени яхши кўргани учун ноҳақ баҳо бериши мумкин. Бу “адолатсизлик”, шунингдек, «бировнинг меҳнатини ўғирлаш» деб таърифлаш ва тушинтириш лозим.

Коррупцияга нисбатан нафрат эмас, балки ҳалолликка нисбатан фахр туйғусини уйғотиш лозим.

Натижа эмас, меҳнат муҳим эканлигини, болага баҳо олиш учун эмас, билим олиш учун ўқиш кераклигини ўргатиш, «таниш-билиш» орқали эришилган муваффақият вақтинчалик эканини тушунтириш керак бўлади.

Ёшларга ноҳақ вазиятни кўрганда сукут сақламасликни, «йўқ» дейишни ўргатиш: бола ўз тенгдошлари ёки катталар томонидан таклиф қилинган ноҳақликка рад жавобини бера олиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш учун боланинг қалбида «Менинг меҳнатим — менинг ютуғим» деган ғояни сингдириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Машҳура Байбекова,

Тошкент туманлараро

иқтисодий судининг судьяси

ЮТУҚЛАР ЎЗИМИЗНИКИ, ИСТИҚБОЛДА ЭСА КАТТА ВАЗИФАЛАР ТУРИБДИ

Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган истиқболдаги вазифаларга бағишлаган тадбир бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси мутасаддилари, туман, туманлараро судлари раислари, барча судьялар ва суд аппарати ходимлари иштирокида ўтган тадбирда давлат раҳбарининг Мурожаатномасида ижтимоий адолатни таъминлаш масаласи устувор аҳамият касб этгани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Айтилдики, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жамият тараққиёти, ҳуқуқ устуворлиги ва суд тизими мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқ экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларда суд тизимига алоҳида эътибор қартилаётгани бежиз эмас.

 Иқтисодиёт янгидан шаклланаётгани, ижтимоий ҳимояга берилаётган алоҳида эътибор, бир сўз билан айтганда, ислоҳотларнинг аниқ амалий натижалари замирида  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтарилаётганини кўриш мумкин.

Мурожаатномада суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар давом эттирилиши алоҳида йўналиш сифатида белгиланди. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттирилиши алоҳида таъкидланди. Одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш ишларини янги босқичга кўтариш, 2026 йилда тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш таклифи илгари сурилди. Ушбу таклиф ўтган қисқа вақтда тергов судьяси янги ҳуқуқий институти сифатида шакллантирилиб,  суд ҳокимиятининг муҳим бўғинига айланганини ҳам англатади.

Ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакилларидан иборат “халқ вакиллари ҳайъати” иштирокида кўриб чиқилишига доир  илғор тажрибанинг босқичма-босқич жорий этиш таклифи эса, шубҳасиз, суд тизимида янги саҳифа очади.

Тизимда жорий этилаётган ҳар бир янгилик катта имконият бўлиши билан бирга улкан масъулият ҳамдир. Соҳадаги ислоҳотлар судьялар ҳамжамиятининг ҳар бир вакили суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаши, коррупцияга нисбатан қатъий ва муросасиз бўлиб,  ўз билим ҳамда малакасини мунтазам ошириб бориши шарт эканини яна бир бор намоён этади.

Тадбирда сўзга чиққанлар Мурожаатнома кўлами ва аҳамияти ҳақида сўз юритиб, ушбу ҳужжат барча учун  дастуруламал эканини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати

Skip to content