2024 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси МЖтКга кучга кирган ўзгаришлар

Кейинги йилларда республикамизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-884-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКга киритилаётган янги ўзгартиришларга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судларида кўришнинг янги тартиби белгиланиб,

— Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддати йигирма суткадан ўн суткагача қисқартилиб, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида кассация тартибида кўрилиши белгиланди ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши институти жорий қилинди;

— Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган қарорлари, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилиши белгиланди;

— Шикоят (протест) апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин бўлиб, ушбу муддат ўтказиб юборилган тақдирда, тафтиш инстанцияси суди шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра, агар уни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилиши кўрсатилди.

Ишни тафтиш тартибида кўриб чиқиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан чиқарилган қарор узил-кесил ҳисобланади.

Ушбу Қонун суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қаҳрамон МИРСАФОЕВ,

 Тошкент шаҳар суди

жиноят ишлари бўйичасудлов ҳайъати судьяси