8 ЙИЛ ДАВОМИДА ТЎЛАГАН АЛИМЕНТ ПУЛИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛСА БЎЛАДИМИ?
— Турмуш ўртоғим тўйимиздан олдин бир аёл билан қонуний никоҳдан ўтмай фарзандли бўлган. Болага фамилиясини берган. Унга 8 йил алимент тўлади. Бола улғайиб, вояга етавергач, шубҳаланиб, ДНК қилдирдик. Хўжайиним боланинг биологик отаси эмаслиги исботланди. Энди эрим 8 йил давомида тўлаган алимент пулини қайтариб ололадими? Оталикни бекор қилиши мумкинми? Бунинг тартиби қандай? Алдаб, алимент ундиргани учун ўша аёлга қандай қонуний жазо бор?
Исми сир тутилди.
Баҳодир САИДМУРОДОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Оила кодексининг 143-моддаси 2-қисмига кўра, алиментни қуйидаги ҳолатларда қайтариб олиш мумкин:
– алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;
– алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас, деб топилганда;
– алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.
Алимент пулини қайтариб олиш тартиби бунга асос бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб белгиланади.
Алимент олувчи ёлғон маълумотлар бергани ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этгани учун алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинади. Алимент тўлови бўйича амалга оширилган тўловлар суд ҳужжатининг қайтарма ижросини амалга ошириш орқали қайтарилади.
Муқаддам тўлаган алимент пулини қайтариб олиш учун ижро иши бўйича қарздор алимент ундириш ҳақида суд ҳужжати чиқарган судга суд ҳужжатининг қайтарма ижроси масаласида ариза билан мурожаат қилиши лозим.
Аризага алимент ундириш ҳақида чиқарилган суд ҳужжати, унинг ижроси юзасидан амалга оширилган тўловлар миқдори ҳамда ушбу тўловларнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатлари, аризага асос қилиб келтирилаётган алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар берилганлиги ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Агар алимент тўловларини қайтариб олиш бошқа асослар билан талаб қилинганда бу юзасидан умумий тартибда даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш керак.
Оила кодексининг 63-моддасига кўра, туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.
Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.
Эрингиз оталикка эътироз келтириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, низолашишга ҳақли. Ушбу даъво судда кўрилишида одам ДНКси экспертизасининг хулосаси суд томонидан бошқа мақбул далиллар қаторида баҳоланади ва қарор қабул қилишда инобатга олинади.
Агарда алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси эрингиздан алимент талаб қилган ва ундирган аёл томонидан қалбакилаштирилган бўлса, бунинг учун Жиноят кодексининг 228-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу борада эрингиз асослар етарли деб ҳисобласа, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишга ҳақли.
Шу билан бирга бола муайян бир инсондан эканлигини айтиб, уни алдаганлик ва ёлғон гапирганлик учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилмаган. Ота қонунда белгиланган тартибда оталикка эътироз келтириш орқали ёки оталикни тан олиш талаб қилинган тақдирда одам ДНК экспертизаси ўтказган ҳолда вазиятга аниқлик киритиш имконига эга.