«20 ЙИЛДАН БУЁН БИРГА ЯШАМАСА, ЯРАШИШ МУДДАТИ НЕГА КЕРАК?»
– Турмуш қурганимга 20 йил бўлди. Икки нафар фарзандим бор. Эрим собиқ хотини билан расман ажрашмаган. Яқинда шу масалани ҳал этиш учун судга ариза берганда, собиқ хотини ажрашишни истамаслигини айтиб, муддат сўрабди. Шунча йилдан буён бирга яшаса, муддат нега керак? Суд 6 ой муддат берган. Кейин нима бўлади? Суд узоқ йиллардан буён бирга ямашаётганини инобатга олмайдими?
Исми сир тутилди
Гули ШУКУРЛАЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари:
— Оила кодексининг 1-моддасига асосан оила тўғрисидаги қонунчиликнинг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Суд никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талаб бўйича юритилган фуқаролик ишини кўраётган вақтда Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли Қарори ва Оила кодекси 1-моддасининг иккинчи қисми талабига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар) аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва Оила кодекси 40-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади. Шу қонун нормасини фуқаролар муддат деб қабул қилади.
Шунингдек ажрашиш сони кўпайиб кетганлигини сабабли, оилани сақлаб қолиш мақсадида суд томонидан муддат берилган вақтда ярашиш учун берилган муддат ҳақидаги ажрим тарафларнинг яшаб турган туман ҳокимлиги қошидаги оила ва хотин-қизлар бўлимига юборилади ва улардан хулоса олинади, яъни ҳақиқатдан ҳам ушбу оилани сақлаб қолиш имкони бор ёки йўқлиги, бошқа шаърий никоҳ тузганлиги, ушбу муносабатлардан фарзандлари ҳам борлиги айнан берилган муддат ичида аниқланади ва агар ҳақиқатдан ҳам суд томонидан қилинган харакатлар ижобий натижа бермаса суд ушбу оилани сақлаб қолиш имкони йўқ деган хулосага келади ва тарафлар ўртасида тузилган никоҳни бекор қилади.