«15 СУТКА «ЎТИРИБ» ЧИҚИБ ҲАМ АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЯПТИ»

— Собиқ эримнинг алиментдан қарзи 15 млн. бўлгач, суд қарори билан 15 суткага қамалди. Бироқ «ўтириб» чиқиб ҳам алимент тўламаяпти. «Яна қаматтирсанг, қаматтиравер бир тийин ҳам бермайман», деди. Алимент тўламаса, 15 суткалик қамоқ жазоси нега керак?

Исми сир тутилди.

Рустам ТАНГАБАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси:


— 15 суткага қамалганидан сўнг ҳам алимент қарздорлиги сўндирилмаган тақдирда, МИБ ижрочиси томонидан прокурорга қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласида тақдимнома билан мурожаат қилади.


Унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси, яъни вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.


Ушбу моддага асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.


Шунга кўра, агар қарздор алимент қарздорлигини маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам тўламаган тақдирда, у озодликдан махрум қилиниши мумкин.