“ҲУҚУҚЛАРИМИЗНИ ҚАНДАЙ ТИКЛАШИМИЗ МУМКИН?”

— Пудрат шартномаси бўйича бизнинг корхона маълум бир объектда қурилиш ишларини олиб борган. Бироқ бажарилган ишлар буюртмачи томонидан қабул қилинмасдан ва тўловлар амалга оширилмасдан келинмоқда. Ҳуқуқларимизни қандай тиклашимиз мумкин?

Исми сир тутилди

Равшан РАШИДОВ, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси:


— Фуқаролик кодексининг 666-моддасининг биринчи қисмига асосан, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.


Фуқаролик кодексининг 646 ва 680-моддаларига кўра, буюртмачи бажарилган ишни (унинг натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши шарт бўлиб, бу ҳақда иккала тараф томонидан имзоланадиган далолатнома расмийлаштирилади.


Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида ушбу далолатномага ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди. Суд далолатномани имзолашдан бош тортиш сабабларини асосли деб топсагина, ишлар натижасини топшириш ёки қабул қилишнинг бир тарафлама далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

 

Далолатномани имзолашдан бош тортиш асосли ҳисобланади, агар бош тортишга қуйидагилар сабаб бўлган бўлса:


– бажарилган ишдан қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилган мақсадда фойдаланиш имкониятини бермайдиган камчиликлар борлиги буюртмачи томонидан аниқланган ва уларни пудратчи, буюртмачи ёки учинчи шахс бартараф этиши мумкин бўлмаган тақдирда;


– қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ёки шартнома юзасидан бажариладиган ишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолларда пудратчи дастлабки синовдан бош тортган тақдирда.

Тарафлардан бири ишлар натижасини топшириш ёки қабул қилиш далолатномасини имзолаш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилганда, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилади, чунки бир тарафлама далолатнома ишлар бажарилганлигини тасдиқловчи далил сифатида хизмат қилиши мумкин, агар суд иккинчи тарафни далолатномани имзолашдан бош тортишини асоссиз деб топса.


Фуқаролик кодексининг 680-моддасига кўра, пудратчидан қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар натижаси ёки, агар шартномада назарда тутилган бўлса, ишларнинг бажарилган босқичи топширишга тайёр эканлиги тўғрисида хабар олган буюртмачи дарҳол уни қабул қилиб олишга киришиши шарт.


Фуқаролик кодексининг 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган.
Мазкур ҳолатда, буюртмачи томонидан шартнома мажбуриятлари тегишли тарзда бажарилмасдан, бажарилган ишлар учун тўловлар амалга оширилмаган ва ишлар асоссиз қабул қилинмаган тақдирда, пудратчи ўз ҳуқуқларини тиклаш ва қарздорликни ундириш мақсадида судловга тегишлилик ва судга тааллуқлилик қоидаларига риоя этган ҳолда даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.