ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ҚИЛГАНЛАРГА ЖАРИМА ЖАЗОСИ БЕКОР ҚИЛИНДИ
Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрини юритиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғриси”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида тумандаги “Янги Сирғали” маҳалла фуқаролар йиғини биносида учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашувда Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Баҳодир Юсупов, туман прокурори катта ёрдамчиси Б. Акромов, Кадастр агентлигининг туман бош инспектори Н. Азимов, МФЙ раиси Т. Носиров ва маҳалла фаоллари, профилактика нозирлари иштирок этишди.
“Янги Сирғали” МФЙ раиси йиғилишни очиб, Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Баҳодир Юсупов томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрини юритиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғриси”да маълумотлар ёритилишини билдириб, бу маълумотлар фуқароларнинг маънавий онгини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимо суд ҳимоясида эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг сўз туман суди судьяси Баҳодир Юсуповга берилди. – Фуқаролар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2,3,4-қисмлари, 60-1, 68, 68-1, 69-моддалари, яъни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва кадастр агентлиги билан боғлиқ ҳолатлар бўйича бугунги кунда кўплаб шикоятлар келиб тушяпти. Мазкур турдаги ишларни кўриб чиқиш давомида фуқаролар томонидан қонунни билмаган ҳолда йўл қўйилаяпти.
Бу эса ўз навбатида фуқароларимизга мазкур ўзгариш ва қўшимчаларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ишларини олиб бориш заруратини вужудга келтиряпти. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни фуқароларга амалий мисоллар ёрдамида тушунтириш учун ушбу йиғилиш туман суди, прокуратураси ва кадастр агентлиги вакиллари билан бирга ўтказилаяпти, – деди судья.
Ер бўйича қонун бузилиш ҳолатларини тушунтириш учун кадастр агентлиги вакили ҳам сўзга чиқди: “ҳозирги кунда, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигига МЖтКнинг 266-1-моддаси билан бир қатор ваколатлар берилган бўлиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатларига нисбатан агентлик томонидан бир қатор таъсир чоралари кўрилмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари бўйича МЖтКнинг 60-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробарида, мансабдор шахсларга нисбатан 50 баробарида, агар ушбу ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонида ноқонуний қурилма барпо этган ҳолатларда ушбу модданинг 3 қисми билан яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида, мансабдор шахсларга эса 300 баробарида жарима қўллашга сабаб бўлади. Мазкур жарималарни қўлланишига сабаб, фуқаролар томонидан ер майдонлари ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилганлиги шаҳарсозлик нормаларига мос келмаслиги, умумий фойдаланишда бўлган ер майдонларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида ноқонуний тартибда эгаллаб олиши ҳолатлари кўплаб учраяпти”.
– Бугунги кунга келиб, Республикамиз аҳоли сони ортиши натижасида турар жойга бўлган эҳтиёж кун сари ортиб бораяпти. Ўз навбатида мазкур турдаги қонунчиликларни бузилишига ёки қонун нормаларини бажармасликка олиб келган. Ер бўйича қонунчилик талабларини бажармаган шахсларга нисбатан МЖтКнинг 60-моддаси ва ЖКнинг 229-1-моддаси доирасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари, ёҳуд озодликдан чеклаш каби жазолар белгиланган, – деди қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тушунтириш берган туман прокурори катта ёрдамчиси.
Учрашувда МЖтКнинг 60-моддаси 2-қисми билан ҳуқуқбузарлик содир қилган шахсларга нисбатан судга тақдим этилган ҳужжатлар асосида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Саёр судда ҳуқуқбузарликни содир қилган шахслар томонидан ўз ихтиёрлари ва маблағлари ҳисобидан ҳуқуқбузарлик оқибатларини ўттиз кунлик муддатда бартараф қилганлиги сабабли, шу модданинг 4-қисми ва 271-моддаси 1-қисми 10-банди асосида уларга нисбатан тайинланган жарима жазолари бекор қилиниб, маъмурий иш тугатилди ва шахсларга тушунтиришлар берилди.
Учрашув якунида, жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди судьяси сўзга чиқиб, фуқароларга қонундаги ўзгаришлар, ер қонунчилиги бўйича содир бўлаётган ўзгаришлар бўйича тўлиқ тушунтиришлар бериб, фуқароларни қийнаб келаётган саволларга жавоб берди ва сайёр суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилди.