ҲОВЛИ УЧУН ВАФОТ ЭТГАН ОНАМНИНГ УЛУШИГА ДАЪВО ҚИЛОЛАМИЗМИ?
— Онам вафот этгач, отам бошқа аёлга уйланган. Ундан иккита фарзанди бор. Отамдан кейин ўгай онам уйни номига расмийлаштирмоқчи бўлди. Аммо биз, ака-сингилларнинг розилиги керак бўлгани учун мақсадига ета олмади. Энди эса уйни ўзига тегишли қисмини ажратиб олмоқчи. Ҳовли ота-онамнинг турмуши даврида олинган. Айтингчи, бу ҳолатда ўгай онамга қанча улуш тегади-ю, биз қанча оламиз? Яна бир савол, биз вафот этган онамизнинг улушига ҳам даъво қилишимиз мумкинми?
Исми сир тутилди.
Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Ахрор СУЛАЙМОНОВ жавоб берди:
— Агар ҳовли ота-онангизнинг турмуш даврида олинган бўлса, ушбу низоли ҳовлига нисбатан улар ½ қисмдан улушдор ҳисобланиши мумкин. Ҳозирги кунда, ота-онангиз вафот этган бўлишса, унда ота-онангизнинг мерос улушига нисбатан сизлар, яъни фарзандлар биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга шахслар ҳисобланасизлар. Шу билан бирга, марҳум отангизнинг мерос улушига нисбатан, унинг ҳозирги кундаги қонуний турмуш ўртоғи, яъни ўгай онангиз ҳам сизлар билан биргаликда биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга шахс ҳисобланади.
Чунки, амалдаги қонунчиликка асосан (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддаси) мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Қайд этиш жоизки, кимга қанча мерос улуши тегиши борасида нотариал идорага мурожаат қилишингиз, агар меросни тақсимлаш борасида меросхўрлар ўртасида низо юзага келса, ушбу низо фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан ҳал қилинишини инобатга олиб, бу борада судга мурожаат қилишингиз лозим.