ҲАР БИР СУДЬЯНИНГ «ТАНКАСИ» БОР, УНГА «ТОШ ОТИШСА» ҲАМ, СУДЬЯ «ТАНКАСИ»ГА ТАЯНИШИ ЗАРУР

Барчамиз фаолиятини энди бошлаётган ҳар бир судья қасамёд қабул қилиши ва суд биносида Давлат байроғи ҳамда суд мажлиси залларида Давлат герби тасвири жойлаштирилишини яхши биламиз.

 

«Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 7-моддасига кўра, суд биносида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади, суд биносининг олд томонида ва суд мажлислари залида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири жойлаштирилади.

 

Яхши биласизки, Давлат гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

 

Судья ана шу Давлат герби остида Ўзбекистон номидан қарор қабул қилади. Шу маънода Давлат рамзлари ва қасамёд ҳар бир судьянинг «танкаси»дир.

 

Айни шу асосда ҳам биринчи босқич суди судьясининг ҳал қилув қарори, ҳукми Ўзбекистон Республикаси номидан эълон қилинади.

 

Айтиш керакки, суд давлат ҳокимиятининг бир бўғинидир. Ҳар бир судья суд ҳокимиятини амалга оширар экан, одил судловни, адолат ва қонун устуворлигини таъминлай олиши керак.

 

Судья томонидан қарор қабул қилинадиган суд мажлиси залларида давлат герби тасвирининг жойлаштирилиши, бу – судья учун энг аввало жуда катта масъулият ва ўта оғир юкни ҳис этиб туришини ҳамда буни бир лаҳза ҳам ёддан чиқармаслиги шартлигини англатади.

 

Илло, давлат номидан, давлат рамзлари остида иш кўриш ваколатига эга бўлган қози давлат рамзларига хиёнат қилиши, ўта оғир жиноятдир.

 

Шу билан бирга, қози қарор қабул қилишда ҳеч кимдан кўрмаган, манфаатдор бўлмаган, ҳеч бир шахс, ташкилотнинг таъсирига тушмаган ёки кейинги муддатга ўтиш ё ўтмай қолиш ҳолларидан ҳайиқмаган ҳолда, тўғри, адолатли, қонуний қарор қилиши, шу билан бирга, ушбу қарори юқори инстанцияда бекор бўлиш ҳолларида ҳам ўзининг принципиал позицияда қолишини кўзда тутиб, ўзгариб турувчи турли амалиётлар таъсирига берилмасдан, фақат ва фақат адолат, қонун ва юқорида қайд этилган «танкаси»га доим содиқ ҳолда қарор қабул қилавериши лозим.

 

Катта манфаатлар тўқнашса…

Юртимиз аҳолиси 35 000 000 дан ортиқ, олимларнинг фикрича, агар ер юзида 38 000 000 000 одам яшасагина, айнан бир хил фикрлайдиган иккита одам топилиши мумкин экан.

 

Демак, ҳаётга реаллик асосида қаровчи ҳар бир уйғоқ кишига сир эмаски, хоҳлайсизми-йўқми судья ҳақида, суд ҳақида турли қарашлар, фикрлар бўлган ва бўлаверади. Баъзан судда манфаатлар тўқнашиб туради. Катта-катта манфаатлар ҳам тўқнашиб кетади. Пировард эса, атрофда қозига нотўғри қараш, ундан ноўрин ўпкаланиш, «тош отиш» ҳоллари ҳам бўлиб туради. Бундай қарашлар эса, ўз-ўзидан одил судлов-ишончга таъсир этмай қолмайди.

 

Биласизки, аҳоли ишончи юксак куч. Бу куч ҳар қандай давлатни истиқболга, тараққиётга сўзсиз етакловчидир.

 

Демак, бундай ҳолатларда судьяга қанчалик қийин бўлмасин, ҳалол ва виждонан иш кўриши, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга ошириши, судьялик бурчи ва виждони буюрганидек беғараз, холис ва адолатли, очиқ, шаффоф фаолиятдан бир қадам ҳам чекинмаслиги даркор.

 

Беҳбудий ҳазратлари айтганларидек, «Ҳақ олинур, берилмас». Айни мана шу жараёнда одил судловга нисбатан аҳоли ишончини ошириш, давлат ва жамиятдан одамларни рози этиш, олиб борилаётган давлат ислоҳотлари натижасига эришиш, самарасини рўёбга чиқариш судьядан фидойилик, жумардлик, керак бўлса, жонфидолик талаб этади.

 

Зеро, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш осонлик билан ёки баланд парвоз рақамлар асосида ўрнатиладиган жараён эмас.

 

 Бунинг натижаси қачон кўринади?

Агар аҳолининг кўпчилиги бир овоздан «охирги нуқтани суд қўяди, суд борку… судда гаплашамиз», дейишсагина бунинг натижаси кўринади.

 

Гапнинг индаллоси шуки, ҳар қандай ислоҳотлар, у хоҳ суд-ҳуқуқ, хоҳ иқтисодиёт, хоҳ ижтимоий ва ёки бошқа соҳаларда бўлмасин, ушбу ислоҳотларнинг натижаси албатта одил судлов билан, аҳолининг судга ишончи билан узвий боғлиқдир.

 

Агар одамлар мансабдорлардан эмас, қонундан қўрқса, судга ишонса, ҳар қандай вазиятда ҳам «одил суд борку», деб баралла айтса, ислоҳотлар натижаси ана шунда ёрқин бўй кўрсатади.

 

Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш лозимки, одил судловга ишонч олиб борилаётган ислоҳотларга ишонч демакдир. Чунки ҳар бир демократик давлатнинг моҳияти, бу – қонунлар асосида яшаш деганидир. Қонунларни оғишмай қўллаш ва адолатни таъминлаш одил судлов ҳамда судья адолатидан даракдир.

 

Бир сўз билан айтганда, суд, бу – ҳокимият. Судья эса, шу суд ҳокимиятини амалга оширувчи холис шахсдир.

 

«Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 60- моддасига мувофиқ, энди фаолиятини бошлаётган қозилар «зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан», деб Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи олдида қасамёд қилади.

 

Юқорида қайд этиб ўтилганлардан хулоса шуки, ҳар бир судья, ҳар қандай вазиятда ҳам боши узра қараб турган ўз «танкаси» –Давлат рамзларига ва албатта ичган қасамига садоқат билан собит қолиши ҳамда шу асосда судья қўрқув, иккиланиш, мансабга ёпишиб қолиш ҳиссидан мутлақо холи бўлиши шарт!

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси