ҲАДЯ ҚИЛИНГАН УЙ АВТОМАТИК РАВИШДА ҲАДЯ ОЛУВЧИНИНГ НОМИГА ЎТАДИМИ?
— Бувим уйини менга ҳадя қилган. Ҳозир у ерда амакиларим яшайди. Ҳадя қилинган уй автоматик равишда ҳадя олувчининг номига ўтадими ёки бунинг учун нотариусга мурожаат қилиш керакми? Агар амаким қарши бўлса-чи, қандай йўл тутишим мумкин?
Исми сир тутилди.
Дилфуза Дададжанова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Мулк эгаси ўзининг мол-мулкидан ўз хоҳиши билан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, бошқалардан ўзининг мулк ҳуқуқининг бузилишини бартараф этишдан талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролик кодексининг 502-моддасида ҳадя шартномаси тарифи келтирилган бўлиб, унга мувофиқ мулкдор (ҳадя қилувчи) бошқа шахсга (ҳадя олувчи) га ўзига тегишли бўлган ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади. Агар ҳадя шартномаси предмети кўчмас мулк бўлса, ушбу шартнома албатта нотариал тасдиқланган бўлиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Бундай талаблар бажарилган вақтдан бошлаб, ҳадя қилинган уй-жой ҳадя олувчининг эгалигига ўтади. Аксинча, нотариал тартибда расмийлаштирилмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган турар жойнинг ҳадя шартномаси тузилмаган деб ҳисобланиб, ҳадя олувчининг эгалигига ўтмайди ва у мулк эгаси ҳисобланмайди. Сизнинг ҳолатингизда, бувингиз ўзига тегишли бўлган уй-жойни набирасига, яъни сизга ҳадя қилган бўлса, ҳадя шартномаси ёзма равишда тузилиб, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан тасдиқланган бўлиши ва реестрга рўйхатга олиниши, шунингдек кадастр хизматлари агентлигидан давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Шундагина ушбу уй-жой амалда сизнинг эгалигингизга ўтади ва уйга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келади.