ҚЎШНИМНИНГ «КЎЧИБ КЕТМАСАНГИЗ УСТИНГИЗДАН АРЗ ҚИЛАМИЗ» ДЕГАН ТАЛАБИ ТЎҒРИМИ?

— Ўғилларим шўх. Уйда копток тепишади, қувлашмачоқ ўйнашади. Пастки қаватда яшайдиган қўшнимиз «Тинчимизни бузяпсизлар, кўчиб кетинглар бўлмаса, устингиздан арз қиламиз», деб бир неча марта пўписа қилди. Бола бўлишса, ўз уйида оёқ учида юришмайди-ку, қўшнимизнинг шу талаби тўғрими? Бизнинг қандай ҳақ-ҳуқуқларимиз бор?

Исми сир тутилди.

Ўктам Қаҳаров, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси:


— Ўзбек миллати ўзининг узоқ йиллик тарихи давомида менталитети ва диний қадриятларидан келиб чиқиб қўни-қўшничилик муносабатларига алоҳида эътибор қаратган. Бу қадрятимиз ҳозирги замонда ҳам давом этиб келаётган бўлсада, баъзи ҳолларда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ўртасида маиший шовқин билан боғлиқ келишмовчиликлар бўлиб турганлиги қулоғимизга чалинииб туради.


Ҳозирги давр жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилигимизда қўшниларнинг бирор сабаб билан зиддиятларга боришига алоҳида қилмиш сифатида квалификация қилинмайди, бироқ келиб чиққан оқибатларга қараб бир нечта хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.


Мамлакатимизнинг Бош қомусида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига ҳамда Ўзбекистон Республика фуқаролари Ўзбекистон ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.


Сиз саволда сўраган қўшнингизни сизга нисбатан кўчиб кетишни талаб қилиши амалдаги қонунчилигимизга мутлақо зид эканлиги, қўни-қўшнилар билан тинчлик тотувликда яшаш чораларини кўриш нафақат сиз, балки жамиятимизнинг ҳар бир аъзосининг фуқаролик бурчи эканлиги тушунтирилади.