ҚОНУННИ БИЛГАН ОДАМ УНИ БУЗИШГА ИНТИЛАВЕРМАЙДИ…

Тайёргарлик етарлича бўлгани боис судьялар иштирокида ўтган Шайхонтаҳур туманининг “Белтепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайёр суҳбат самарали кечди. Маҳаллага келган судьялар (фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьялари Дилноза Шоматова ва Гулҳаё Джумаева) дастлаб ташриф сабабини тушунтириб, мухтасар маъруза қилди, сўнг савол-жавобларга ўтилди.
Саволлар аниқ ва лўнда эдики, жавоблар ҳам шунга монанд бўлиши керакдай, аслида. Бироқ жамоатчилик билан мулоқотда гап ҳуқуқ ва бурчга тақалар экан, жавоблар бироз тафсилот талаб этиши табиий. Шу баробарида тушунтиришлар қонуннинг “қаттиқ тили” билан эмас, содда усулда ифода этилиши ҳам лозим.
Меҳмонлар шунга риоя қилгани учун ҳам мулоқот жонли, самимий ва ишчан ўтди, дейиш мумкин. Яъниким, кўп қаватли уйлардаги қўшимча қурилмалар, уларни бузиш ёки мулк ҳуқуқи эътироф этилиши тартиб-тамойиллари, шунингдек, алимент миқдорини белгилаш ёки (белгиланган) миқдорни камайтиришга доир саволлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлардан кимдир хотиржам тортди, кимдир ўйга толди, яна кимдир хаёлан чўт-у чамага тушган бўлса, эҳтимол.
Муҳими, мулоқотда кўтарилган масалалар бўйича иштирокчиларининг барчасида етарлича тасаввур пайдо бўлди, керагиям шу, аслида. Чунки, қонунни билган одам уни бузишга интилавермайди…






