ҚОНУНИЙ АЖРАШМАСА ҲАМ АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?

— Расман ажрашмасак-да, турмуш ўртоғим бошқа аёлга уйланди. Икки фарзандим билан алоҳида яшайман. Эр-хотин қонунан ажрашмаса ҳам, отадан фарзандлари учун алимент ундириш мумкинми? Бунинг тартиби қандай? Болаларининг отаси алимент миқдорини камайтириши мумкинми? Ўзи қай ҳолларда алимент миқдори камайтирилади? Яна фарзандларимдан бирини даволатиш учун алиментдан ташқари қўшимча харажатлар учун ҳам пул ундирсам бўладими?

Исми сир тутилди

Анвар ҲАМРОЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Эр-хотин қонуний тартибда никоҳдан ажрашмаса ҳам ота-она вояга етмаган болалари учун таъминот ундириши мумкин. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенг ҳисобланади.


Алимент ота-онадан алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий ёки суд буйруғи, ёхуд суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ундирилади.


Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент талаб қилиб, судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Қонунчиликка асосан, суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Мажбурий ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилган.
Суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан, вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган ота-оналарга нисбатан қонунчиликда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш — ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.


Шунингдек, Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, шундай қилмиши учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.


Бошқа-бошқа ота-онадан туғилган вояга етмаган болалар учун суднинг бир неча ҳал қилув қарорларига асосан, бир ота (она)дан ундирилаётган алиментнинг умумий миқдори белгиланган миқдордан ошиб кетса, камайтирилади.

 

Бундан ташқари, алимент тўловчи ота (она) алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи кимнинг фойдасига чиққан бўлса, ўша шахсларнинг ҳар бирига нисбатан алиментнинг миқдорини тегишинча камайтириш тўғрисида даъво тақдим этиши мумкин.


Оила кодексига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортса, суд тартибида таъминот, яъни алимент олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, хотин ҳомиладорлик даврида ва фарзанди туғилган кундан бошлаб уч йил давомида ёки ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча, ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган боласига қараса, эридан суд тартибида алимент олиш ҳуқуқига эга.


Оила кодексининг 103-моддасига асосан, ота-она фавқулодда ҳолатлар, яъни боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқа сабаблар туфайли келиб чиққан, қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.

 

Бундан бош тортган ота ёки онадан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.