ҚИРҒИЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ПОЙТАХТ СУДЛАРИ БИЛАН ТАНИШУВИ

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзолари, судьялар ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси вакилларидан иборат делегация аъзолари бугун Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани судлари фаолияти билан танишди.

Делегация аъзоларини Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов,  жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси Т.Обидов ва бошқа масъуллар кутиб олди.

 Меҳмонлар дастлаб, судларда яратилган рақамли технологиялар имкониятлари, суд заллари, болалар хонаси, судьялар ва тарафларга яратилган шароитлар билан танишди.

Худди шунингдек, қирғиз делегацияси аъзолари фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Медиация хонасида икки томонлама фикрлар алмашилди.

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –  фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани суди раиси Б.Сагатов, судья Н.Захидовалар меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Пойтахт судлари билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди.