ҚИММАТГА ТУШГАН ШАПАЛОҚ
Мактаб ва таълим…
Ўқитувчи ўқувчини уриши мумкинми?
Унда қандай тарбия бўлади? Таълим бериб турган муаллим ўқувчиларга шундай намуна кўрсатадими?
Пойтахт мактабларининг бирида математика ўқитувчиси бўлиб ишлаб келаётган М.В. 9 синф ўқувчиси Б.А.ни дарсга кеч қолганлиги учун уриб, енгил тан жароҳати етказган. Ўқувчи кеч қолиш сабабини қорни оғриб қолганлиги билан боғлаган.
Ўқувчининг енгил тан жароҳати олганлиги бўйича суд-тиббий экспертизасининг хулосаси олинган.
Суд мажлисида математика ўқитувчиси айбига қисман иқрор бўлиб ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Аммо далиллар унинг қилмишини оқламас эди.
Ҳар қандай шароитда муаллимнинг ўқувчига қўл кўтариши оқланадиган холат эмас. Экспертиза хулосасига кўра, ўқитувчининг бир шапалоғи ўқувчининг қулоқ пардаси йиртилиб кетишига сабаб бўлган. Эртаси куни ўқувчи дарсга келмаган, сабаби қулоқ оғриқ бериб шифохонага тушган.
Ўқитувчи ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, ота-онасидан кечирим сўраб, дори-дармонга пул беришини айтган аммо ота-она буни рад қилган.
Суд ўқитувчининг жиноий ҳаракатларини муҳокама қилиб, унинг ўз айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароитини, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганлигини ва бошқа жиҳатларни инобатга олган ҳолда, унга Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 9.900.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Ҳамид Шамшиев,
Тошкент шаҳар суди судьяси