ҚАРЗ ЭВАЗИГА ФОҲИШАЛИК ҚИЛИШГА МАЖБУРЛАГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Орамиздаги айрим кимсалар, айниқса аёллар енгил пул топиш илинжида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш каби жирканч ишни ўзларига касб қилиб олиб, шунинг ортидан тирикчилик қилишни, янада ачинарлиси, оила тебратишни ўзларига эп кўришмоқда. Аммо ҳаром топилган пул бир кун келиб, тешиб чиқади.
Ариза ёзишга мажбур бўлди
Фуқаро Мадина (исмлар ўзгартирилган) Яшнобод тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, таниши Замира унга қарзга пул бериб, ушбу берилган қарз пул маблағларини фоҳишалик қилиш йўли билан қайтариб беришга мажбур қилаётганини, уни мажбурлаб моддий манфаат кўриб келаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан чора кўришликни сўраган. Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИО ФМБ 6-сонли ИИБ томонидан, шу куниёқ пойтахт кафеларидан бирининг олдида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Зафар Замиранинг олдига бориб, унга “фоҳишалик билан шуғулланувчи қизларингиз борми?” деб сўрайди. Замира унга қиз борлигини маълум қилиб, қарзи эвазига фоҳишаликка мажбур қилиб келаётган Мадинани кўрсатади. Жинсий алоқа қилиши эвазига 150 000 сўм пулларни олаётган вақтида, холислар иштирокида тезкор гуруҳ томонидан қўлга олинади.
“Илгари фоҳишалик билан шуғулланганман”
Суд мажлисида судланувчи Замира эълон қилинган айбга қисман иқрорлигини билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:
— Мадинани 2019 йилнинг августидан буён танийман. Мадина онаси касал бўлиб қолганлиги сабабли дори сотиб олиш учун сентябрда мендан 19 миллион сўм миқдорида қарз олди. Ушбу олган пулларини октябрнинг охирига қадар 23 миллион сўм қилиб қайтарди. Унинг ичида икки миллион сўмлик телевизор ҳам бор эди. Ўзим 2011 йилдан буён фоҳишалик билан шуғулланиб келганман. Ёшим ўтиб қолганлиги сабабли сўнгги пайтларда бу иш билан шуғулланмай қўйдим. Бир куни кафелардан бири ёнида ўтирганимда олдимга кейинчалик исмини билганим Зафар келди. Мен ундан “қиз керакми?” деб сўрадим. У “ҳа, керак” деди. “Мен тўғри келаманми?” деб сўрагандим, “йўқ” деди. Шундан кейин унга Мадинани кўрсатдим. Улар ўзаро келишиб, мен 150 минг сўм пулни олаётганимда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олиндим.
“Кўприкдан ўзимни ташладим”
Суд мажлисида жабрланувчи Мадина қуйидагича кўрсатма берди:
— Мен ростдан ҳам Замирадан 19 миллион сўм миқдорида пул қарз олгандим. Унга қарз олганим ҳақида тилхат ҳам ёзиб бердим. Шундан кейин у менга бирга ишлашни, агар ҳамкорлик қилсак, кўпроқ пул топишимиз мумкинлигини, қарзимдан тезроқ қутулишимни, мижозни ўзи топишини айтди. Мен унинг таклифига рози бўлиб, биргаликда ишлай бошладик. Шу тарзда аста-аста ундан олган қарзимни уза бошладим. У бир куни чўнтагимда турган паспортимни зўрлик билан олиб қўйди. “Нега бундай қилдингиз?” деб сўрасам, “Қачон қарзларингни тўлиқ берсанг, шунда паспортингни қайтараман”, деди. Ҳар кунги тинимсиз жинсий алоқа ва тўхтовсиз Замирага пул беришдан чарчаганим, бу муаммолардан қутулиш учун ўзимни осмоқчи бўлдим. Аммо синглим кўриб қолиб, мени бу йўлдан қайтарди. Замира тинимсиз пулини қайтаришимни сўраб, дўқ-пўписа қилаверди, аммо менда қарзимни қайтариш имкони йўқ эди. У устимдан ички ишлар идорасига шикоят қилишини, маҳалла-кўй олдида шарманда қилишини айтди. Унинг бундай “шантаж”ларидан кейин қўрққанимдан касал аҳволимда турли эркаклар билан жинсий алоқада бўлишга мажбур бўлдим. Бундай азобларга чидашга кучим қолмагани учун “Қўйлиқ” бозорида жойлашган кўприк устидан сакраб, ўз жонимга қасд қилмоқчи бўлдим. Бироқ сакраётганимда ўнг оёғим очиқ оралиққа қисилиб қолиб, пастга тушмай, осилиб қолдим. Одамлар мени қутқариб олишди. Тиббиёт ходимлари биринчи ёрдам кўрсатишди, сўнг Яшнобод тумани ИИО ФМБ 6-сонли ИИБга олиб келиндим. Мен бўлиб ўтган воқеаларни ИИБ ходимларига гапириб бердим, Замирага қонуний чора кўришни сўраб, ариза ёздим. Шундан кейин Замирани қўлга олиш режаси тузилиб, у жиноят устида ушланди.
Ҳукм ўқилди
Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди ва 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Анвар ИКРОМОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Яшнобод туман суди судьяси
Лола Шоимова журналист