ҚАМОҚДАГИ ОТАДАН АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?
— Набираларим учун уч йилдан бери алимент ололмаяпмиз. Уни ундириб бериши учун МИБга мурожаат қилгандик, собиқ куёвим қамалганини билдик. Куёвим алимент тўламаганлиги учун эмас, бошқа айби билан қамоққа олинган. Ушбу вазиятда алимент ундириш учун биз нима қилайлик? Қаерга мурожаат этайлик? Алиментни қандай ундирамиз?.. Ёки куёвимнинг ўрнига ота-онасидан ундиришимиз, ё мол-мулкига қаратилиши мумкинми?..
Исми сир тутилди
Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Алиментдан қарзи бор ота ҳисбга олинган ёки у тергов остида бўлса, Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга асосан, ундирувни жазони ўтаётган қарздорнинг иш ҳақига қаратиш чораларини кўради. Жазони ижро этиш колонияларида, тарбия колонияларида ва қамоқхоналарда жазони ўтаётган шахслардан, шунингдек, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ижро этувчи муассасаларда сақланаётган шахслардан ундирув Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган тартибда бутун иш ҳақидан амалга оширилади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам алимент ундириш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги» Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади. Алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати суд томонидан МИБга юборилгандан сўнг Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради. Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхаси у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига, қарздорга, шунингдек, ҳужжати ижро этилиши лозим бўлган суд ёки бошқа органга юборилади. Демак, ҳар қандай ҳолатда ундирувчи алимент ундириш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлимига мурожаат қилиши лозим.
Агар алимент тўловчи ота озодликдан маҳрум қилинса, давлат ижрочиси алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатини тегишли тартибда алимент ундириш чораларини кўриш учун жазони ижро этиш муассасасига юборади.
Мазкур ҳолатда алимент жазони ижро этиш колонияларида, тарбия колонияларида ва қамоқхоналарда жазони ўтаётган шахслардан, шунингдек, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ижро этувчи муассасаларда сақланаётган шахслардан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган тартибда бутун иш ҳақидан амалга оширилади.
Алимент тўловчи озодликдан маҳрум этилса, унинг ўрнига алиментни ота-онасидан ундиришга йўл қўйилмайди. Амалдаги қонунчилигимизда бобо ва бувининг ўз невараларига таъминот бериш мажбурияти алоҳида кўрсатилган. Унга кўра, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият бобо ва бувининг зиммасига юклатилиши мумкин. Бошқа ҳолатларда бобо ва бувидан таъминот олишга йўл қўйилмайди.
Агар алимент тўловчи озодликдан маҳрум этилса ва унинг алимент қарздорлиги мавжуд бўлса, мавжуд алимент қарздорлиги қарздорнинг кўчмас мол-мулкига қаратилиши мумкин. Бу Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунига асосан, давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади.