ҚАЙНОПАСИНИНГ МОЛ-МУЛКИНИ БОСҚИНЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ҚЎЛГА КИРИТГАНЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёти, соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, унга эгалик қилиш ҳар қайси замон ва маконда энг ёмон иллат сифатида қораланган. Бировнинг мулкига кўз олайтириш, унга яширинча эга чиқишга уриниш – разилликдан бошқа нарса эмас. Меҳнат билан эришиб, тановул қилган бир бурда ноннинг мазаси, ўғрилик қилиб еган дунёдаги энг тансиқ таомлардан яхшироқдир. Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамони босқинчилик қилиш нияти бўлмаганлигини, кетиб қолган хотини ва фарзандини олиб кетиш мақсадида қайнопасининг уйига келганлигини рўкач қилди. Аммо ёлғоннинг умри қисқа, унинг ўзини оқлаш учун ўйлаб топган бу важи, ўз тасдиғини топмади…
Пул ва тақинчоқларни қўлга киритишади
Эсонов Рамазон (исм-шарифлар ўзгаритирилган) жиноий шериги Акромов Сардор билан тил бириктириб, ўзининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи қайнопаси Ҳасанова Собиранинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, босқинчилик йўли билан унинг мол-мулкини қўлга киритишни режалаштиради. Улар жиноятни амалга ошириш мақсадида юзларига қора рангли тиббий ниқоб тақиб, бармоқ изларини қолдирмаслик мақсадида қўлқоп кийишади. Жабрланувчининг қаршилигини енгиш учун темир бўлаги, синтетик арқон ва скотч лентаси ўрами билан қуролланишади. Ўша куни опасининг уйига келган Мансурова Паризода уйга кираётган вақтда унинг ортидан ҳужум қилган ҳолда уйга бостириб киришади. Унинг қўлларини синтетик арқон ва скотч билан боғлашади. Кейин ётоқхонада турган жавон эшигини бузиб, у ердан Ҳасанова Собирага тегишли бўлган 85.001.227 сўмга тенг миқдордаги пул маблағлари, валюта қимматликлари, мол-мулки ва шахсий ҳужжатларини олиб, воқеа жойидан яширинишади.
“Ҳаммасини қайтармоқчи эдим…”
Судланувчи Эсонов Рамазон суд мажлисида, айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:
– Акрамов Сардор оилавий танишим бўлиб, уни тўрт-беш йилдан бери танийман. Ҳасанова Собира қайнопам, Мансурова Паризода қайнсинглим бўлади. Қайнопам Ҳасанова Собира Туркиядан қайтганидан кейин турмуш ўртоғим Эсонова Манзура ҳеч бир сабабсиз, жанжалсиз вояга етмаган ўғлимни олганча уйдан кетиб қолди.Мен уни қидиришни бошладим. Кейинчалик қайнопам ўғлим билан хотинимни Туркияга олиб кетмоқчи бўлаётганини эшитдим. 2020 йилнинг 5 январь куни Қашқадарёдан чорва молларини ортиб, Тошкентга келдим. Уларни сотиб, яна турмуш ўртоғимни қидира бошладим.Аммо уни тополмадим, хотинимнинг аммаси менга қайнопамнинг уй манзилини берди. Тошкентда юрганимда танишим Акромов Сардорни учратиб қолдим. Суҳбат давомида унинг ҳам хотини Туркияга кетиб қолганини билдим. Мен ҳам унга вазиятимни тушунтирдим. Биз биргаликда қайнопамнинг уйига бордик. Қайнсинглим Мансурова Паризода эшикни очаётганда унинг олдига бордик, аммо у бизни кўриб, бақир-чаир қилди. Ўртада жанжал кўтарилди. Шундан кейин уни ичкарига олиб кириб, жаҳл устида қўлларини боғладим. Акрамов Сардор ҳам ортимдан кирди. У ерда хотиним билан ўғлим йўқлигини кўриб, уйдан чиқиб кетдик. Бироз вақт ўтгач, Сардор менга қўнғироқ қилиб, олдига чақирди. Борсам, у қайнопамнинг тилла тақинчоқлари ва пулларини олганлигини айтди. Мен ундан ҳаммасини – пуллар ва қимматбаҳо буюмларни олиб, хотинимга қайтармоқчи бўлдим, аммо хотиним қўнғироқларимга жавоб бермади. Ҳозирда қилмишимдан жуда пушаймонман, жазо тайинлашда енгиллик беришингизни сўрайман.
Ҳукм ўқилди
Судланувчилар Эсонов Рамазон ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилди ва 7 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Акромов Сардорга эса ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб,10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Фаррух ТЎРАХЎЖАЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси,
Лола Шоимова журналист