«ҚАЙНОПАМ УЙГА КИРИТМАЯПТИ…»

— Бир ой олдин эрим билан расман ажрашдик. Судда келин бўлиб тушган хонадонимда яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилди. «Ўғлим билан бизга ажратилган икки хонага кириб яшаймиз», десак қайнопам тўсқинлик қиляпти. Кунора эшик қулфини ўзгартиради. Бу вазият юзасидан судга шикоят қилишим мумкинми? Моддий аҳволим яхши бўлмагани учун давлат божини кечиктириш, жавобгардан ундиришни сўрасам бўладими?

Исми сир тутилди

 

Лола ЎТАНБОЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— ФПКнинг 16-моддасига кўра “Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Суд ҳужжатини бажармаслик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Суд ҳужжатининг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун, башарти буларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.

 

Низо судда кўриб чиқилганлиги сабабли сиз мазкур фарорнинг ижроси юзасидан  худудий МИБга мурожаат қилишингиз лозим.

 

“Суд хужжатлари ва бошқа орган хужжатларини ижро этиш тўғисида”ги Қонун ва МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан Ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек унинг ижросига тўсқинлик қилганлик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Саволингизни иккинчи қисмига келсак, ФПКнинг 133-моддасига кўра Давлат божини тўлашни кечиктиришга қонунчиликда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Яъни, суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.