ЎҒЛИМ РУҲИЙ ХАСТА: УНДАН 50 ФОИЗ МИҚДОРИДА АЛИМЕНТ УНДИРИЛИШИ ТЎҒРИМИ?
— 2009 йил ўғлим руҳий касал деб топилди. Унгача соғлом бўлган. 2007 йил бир қизни келин қилдим. Улар кетма-кет иккита фарзандли бўлишди. 2017 йилгача тинч яшашди. 2020 йил август ойида ажрим бўлди. Келиним алимент ундириш учун судга берди. Суд 18 фоиз алимент ундириш ҳақида қарор чиқарган. Лекин ижрочилар 50 фоиз ундиришяпти. Шу тўғрими?
Исми сир тутилди
Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Оила кодексининг 96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Мазкур кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг
– бир бола учун тўртдан бир қисми;
– икки бола учун учдан бир қисми;
– уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Мазкур ҳолатда сизнинг фарзандингиздан суд қарорига асосан 18 фоиз миқдорида алимент ундириш назарда тутилган бўлиб, мажбурий ижро бюроси томонидан 50 фоиз миқдорида алимент ундирилаётган бўлса, мажбурий ижро бюросининг ҳатти-ҳаракатлари ноқонуний ҳисобланади.
Зеро, мажбурий ижро бюроси суд қарорида назарда тутилган миқдордан кўп алимент ундириш ваколатига эга эмас. Бироқ ҳар бир бола учун ундиралаётган алимент миқдори, қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.