«ЎҒЛИМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ЎЗГАРТИРГАНИ ВА АЛИМЕНТ ОЛАЁТГАНИ УЧУН ШИКОЯТ ҚИЛСАМ БЎЛАДИМИ?»

— Бир нафар болага алимент тўлардим. Яқинда собиқ хотиним ўтган йили турмушга чиққани ва эри ўғлимни фарзандликка олганини билиб қолдим. Менинг розилигимсиз бу ишни қандай қилган билмайман. Сўрамоқчи бўлганим, розилигимсиз ўғлимнинг фамилиясини ўзгартиргани ва шунча пайтдан бери алимент олиб келаётгани учун устидан шикоят қилсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Рустам Норхужаев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судяьси:


— Оила кодексининг 151-моддасига асосан фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.


Ушбу Кодекснинг 159-моддасига кўра, болани фарзандликка олиш учун фарзандликка олинаётган бола ота-онасининг розилиги талаб этилади.
Ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги нотариал тасдиқланган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола жойлашган муассаса раҳбари томонидан ёки фарзандликка олиш амалга оширилаётган жойдаги ёхуд ота-она доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тасдиқланган аризада баён этилган бўлиши керак, шунингдек фарзандликка олиш тўғрисида иш юритилаётганда бевосита судда баён этилиши мумкин.


Суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар ота-она боланинг фарзандликка олинишига берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.


Оила кодексининг 160-моддасида фарзандликка олишда ота-онанинг розилиги талаб қилинмайдиган қуйидаги ҳолатлар белгилаб қўйилган:


• ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;


• ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;


• ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;


• ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

Шу сабабли агар болангизни фарзандликка олишда белгиланган тартибда сизнинг розилигингиз олинмаган бўлса, шунингдек, юқорида кўрсатиб ўтилган ота-онанинг розилиги талаб қилинмайдиган ҳолатлар, жумладан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлмасангиз, фарзандликка олиш ҳақидаги ариза бўйича чиқарилган суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан қонунда белгиланган тартибда апелляция шикояти билан юқори турувчи судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.


Оила кодексининг 147-моддасига асосан алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.

Суд тартибида ундириладиган алимент тўлаш:


• бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;
фойдасига алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;


• суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;


• меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;


• алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда тугатилади.

Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, болангиз фарзандликка олинган бўлса, унинг таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятингиз ҳам тугайди.


Оила кодексининг 143-моддасига кўра, алиментни қайтариб олишга йўл қўйилмайди, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:


• алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;


• алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб топилганда;


• алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар вояга етмаган боланинг ёки вояга етган муомалага лаёқатсиз алимент олувчининг вакили томонидан содир этилган бўлса, алимент қайтариб олинмайди, тўланган алимент суммалари эса, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг даъвосига кўра айбдор вакилдан ундирилади.