ЎҒЛИМДАН АЛИМЕНТ УНДИРИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛАЙ?
— II гуруҳ ногирониман, ёшим 70 дан ошган. Кексайганимда ёлғиз ўғлим ўз ҳолимга ташлаб қўйди. Сўнгги пайтда тез-тез тобим қочиб, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолдим. Олаётган пенсиям дори-дармонимга ҳам етмаяпти. Моддий томонлама қийналиб қолганим учун ўғлимдан алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилгандим. 2021 йилда суд ўғлимдан алимент ундирилсин, деб қарор чиқарди. Лекин орадан шунча вақт ўтса-да, ўғлим алимент тўламаяпти. Ўғлимдан алимент ундириш учун қаерга мурожаат қилай?
Исми сир тутилди
Дилфуза ДАДАЖОНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Қонунчиликка асосан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзанд ота-онасига таъминот бериши, ғамхўрлик қилиши шарт.
Ҳатто ота-она давлат ёки нодавлат муассасалари қарамоғида бўлса ҳам болалари уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод этилмайди. Демак, ўғлингиз сизга моддий томонлама ёрдам бериши керак.
Алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан оз бўлмаслиги керак. Агар ўғлингиз суднинг ҳал қилув қарорида белгиланган алимент пулини икки ойдан ортиқ муддат давомида тўламаса, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 47-5-моддасига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.
Ўғлингиз маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент тўламаса, «Жиноят кодекси»нинг 123-моддасига асосан, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шуни унутманг, алимент тўламагани учун жавобгарликка тортилган шахс алимент қарзини тўлашдан озод қилинмайди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, алимент ундириш бўйича ижрони ўғлингиз доимий яшаш жойидаги туман маъмурий ижро бюроси давлат ижрочиси амалга оширади. Ижро қилиш учун суднинг электрон дастури орқали жавобгар, яъни ўғлингизнинг доимий яшаш жойидаги мажбурий ижро бюроси бўлимига ижро варақаси тузилиб, электрон шаклда юборилади. Давлат ижрочисига алимент ундириш қарорини дарҳол ижро қилиши лозимлиги тўғрисида хабар берилади.
Шундан сўнг у ундирувчи ва қарздорга ижро иши олиб борилиши тўғрисида хабар бериш чораларини кўради. Демак, алимент ундириш тўғрисидаги суднинг қарорига асосан, сиз ижро варақаси юборилган туман мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишингиз лозим.
Меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-онасининг касаллиги ва бошқа узрли сабабларга кўра, қилинадиган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этишлари шартлиги қонун билан белгиланган.
Қўшимча харажатлар қилишга сабаб бўлган ҳолатлар суд томонидан ҳар бир иш бўйича алоҳида тартибда аниқланиб, фавқулодда ҳолат сабабли, яъни ота-онанинг ўзининг соғлигини тиклаш учун бошқа чораси бўлмаган вазиятда қўшимча харажат қилишига мажбур бўлганлигидан келиб чиқиб, даъво талабининг асосли ёки асоссиз эканлигига ҳуқуқий баҳо берилади.