ЎЗ ОНАСИГА ТИҒ КЎТАРГАН АЁЛ

Холида Боқиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) 70 ёшдан ўтганда жиноятга қўл ураман деб ўйламаганди. Қўшниларининг айтишича зиёли, икки тилни билгувчи, яқинларига меҳрибон аёл эди. Унинг айби шу эдики, вақтида турмуш қурмади. 96 ёшни қаршилаган онаси Салима Саидова йиқилиб операция бўлганидан сўнг, батамом унга боғланиб қолди. Ишларини йиғиштирди, ҳатто ишидан бўшади, фақат қари онасига қарайдиган бўлди. Тўғри, синглиси Раъно Ҳапкимова ҳам унга кўмаклашиб турарди. Юзга яқинлашган она ҳассасиз юролмас, оғриқ азобидан туну кун инграб чиқарди. Бора-бора бу Холидани чарчатди, асаблари тамом бўлди. Бу хонадондаги бақир-чақирларни қўшнилар ҳам билиб бўлишди.

 

Бу орада онасининг хотираси ҳам  кирди – чиқди бўлиб қолди.

 

Касалга қараш ўзимас. Бунинг устига ўзи ҳам 70 ёшдан ошган аёл. “Бу азоблардан ўлиб қутулмасам ёки ўлдириб қутулмасам бўлмас”. Холида Боқиевани миясини шу каби бўлмағур  хаёллар чулғаб олди.

 

Синглиси Р. Ҳакимова овқат олиб келаман деб чиқиб кетган куни  ошхонада турган пичоқни қўлига олди. Кўзига ҳеч нарса кўринмади. Нима бўлса ҳам онасини тинчитишни ўйлади ва ухлаб ётган онасининг кўкрагига бир неча бор санчди. Ҳамма ёқ қип-қизил қонга беланди. Нима қилиб қўйдим? У онасини ўлдириб қўйганлигини англагач, энди ўзини ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ билан чап билаги ва бўйнини ҳамда кўкрак қафасларини кесиб ташлади. Бу орада синглиси уйга келиб қолди. Қараса бунақа аҳвол. “Нима қилиб қўйдинг?” дея опасига бақирди. Тезда ўзини қўлга олиб ўғли ва тез тиббий ёрдамни чақирди.

 

Жабрланувчи шифокорлар томонидан кўрсатилган бир неча кунлик тиббий ёрдамга қарамасдан  вафот этди.

 

Х. Боқиевага Жиноят кодекси 97-моддаси 2 қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилди.

 

Суд мажлисида Х. Боқиеванинг қўшнилари Н. Раҳмонова, Х.Абилова, Т. Артемова ва бошқалар судланувчининг яхши аёл бўлганлиги, турмушга чиқмаса-да ота-онасига қараганлиги, меҳрибонлиги, зиёли эканлиги, кейингии пайтда С. Саидованинг  бақир-чақирларини улар ҳам эшитишганини, унга нисбатан енгил жазо тайинлашни сўрашди. 

 

Х. Боқиеванинг мазкур жиноятни содир этганликдаги айби, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фотожадвал, тушунтириш хатлари, текшириш баённомалари, фотожадваллар… судга оид тиббиёт ва психиатрия экспертиза хулосалари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан ўз исботини топди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида “Айбдорнинг ҳаракатларини Жиноят кодекси 97-моддаси иккинчи қисмининг “в” банди билан квалификация қилишда, ожиз аҳвол, деб жабрланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан (жисмоний нуқсонлари, руҳияти бузилганлиги, жуда ёш ёки кексалиги, қаттиқ оғриқ ёки беҳуш ҳолатда ёхуд уйқуда бўлганлиги..,) ўзини ҳимоя қилишга, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг хусусияти ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолати тушунилиши керак. Бунда айбдор жабрланувчи ожиз аҳволда эканлигини англаган бўлиши шартлиги белгиланган.

 

Судлов ҳайъати, Х. Боқиевага нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда унинг шахсини, кекса ёшда эканлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оғир шахсий оилавий шароитлар оқибатида ва мушкул аҳволда жиноят содир этганлигини Жиноят кодекси 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаганлигини инобатга олишни ва унга нисбатан модда санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, шунингдек, Жиноят кодекси 7-моддаси, яъни инсонпарварлик принципи ва Жиноят кодекси 8-моддаси, яъни одиллик принципларига ва Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февраль кунги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорига асосланиб, жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларни, Х. Боқиевани шахсини, кекса аёллигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, оғир шахсий оилавий шароитлар оқибатида ва мушкул аҳволда жиноят содир этганлигини, жабрланувчи қонуний вакилининг даъвоси йўқлигини ва унга нисбатан энг енгил жазо тайинлаш ҳақидаги баёнотини, шунингдек, судланувчи Х. Боқиеванинг яшаш жойидаги маҳалласи томонидан йиллар давомида оғир турмуш тарзидан ҳамда узоқ вақт асабнинг ёмонлашуви натижасида бу жиноятга қўл уриб қўйганлигини, озодликдан маҳрум қилиш жазосига бардош бера олмаслигини, унинг чексиз ижобий инсоний фазилатларга эгалиги унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб, тақдим этган илтимосномасини инобатга олиб, судланувчини тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган қатъий фикрга келиб, Жиноят кодекси 72-моддасига асосан шартли ҳукм қўллашни лозим топди.

 

Жиноят кодекси 42-моддасида жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши назарда тутилган. Суд, жазо тайинлашда ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, яшаш жойидан ижобий тавсифланган, оғир шахсий оилавий шароитлар оқибатида ва мушкул ахволда жиноят содир этган Х.Боқиевани ахлоқан тузатиш ёки жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш учун унга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони тайинлаш мақсадга мувофиқ ва адолатли бўлмаслиги сабабли унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деб ҳисоблаб, жамиятдан ажратмаган ҳолда шартли ҳукм қўллашни лозим топди.

 

Судда Х. Боқиева айбли деб топилди. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси орқали тайинланган жазо шартлига алмаштирилиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

 

Х. Боқиевага яшаш жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақида унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи ички ишлар идораларига хабар бериш ва 1 ойда икки маротаба келиб, бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш мажбурияти юклатилди, унга синов муддати давомида ҳукм шартларини бузган тақдирда, Жиноят кодекси 72-моддасининг 6 ва 8-бандида кўрсатилган оқибатлар юзага келиши мумкинлиги тушунтирилди. Холида Боқиевага нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинди.

 

Айни пайтда судланувчи Х. Боқиева қонунда белгиланган жазони шартли ўтамоқда.

 

Воқеа тафсилотлари билан танишар экансиз, жуда оғир вазиятга тушасиз. Ким ҳам ўз онасига қўл кўтаради? Уни ўлдириш учун қўлига пичоқ олади? Бунинг жавоби оғир, қонунларку майли,  виждон азоби-чи?  Буниси энг ёмони…

 

Наргиза КАСИМОВА,

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси