ЎЗБЕКИСТОНДА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ: РАҚАМЛАШТИРИШ, АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ
Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этиш жараёнида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масаласи стратегик аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси айнан ушбу йўналишда амалга оширилаётган ва келгусида кўзда тутилаётган ислоҳотларнинг консептуал асосларини белгилаб берди. Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини замон талаблари асосида тубдан модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар илмий-амалий жиҳатдан муҳим йўналиш сифатида илгари сурилди.
Давлат раҳбари суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш масаласини ислоҳотларнинг марказига қўйиб, одил судловни амалга оширишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. “Рақамли суд” консепциясининг жорий этилиши суд иш юритувида шаффофликни ошириш, процессуал муддатларни қисқартириш ва инсон омили билан боғлиқ субъектив хатоларни камайтиришга хизмат қилади. Айниқса, тергов жараёнининг рақамлаштирилиши жиноят ишини қўзғатишдан тортиб судга қадар бўлган босқичларда инсон ҳуқуқларининг таъминланишини кучайтиришга қаратилган бўлиб, бу халқаро ҳуқуқий стандартларга мос келади. Сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши натижасида тергов ва суд фаолиятида қарор қабул қилишнинг адолатлилиги ва холислиги мустаҳкамланиши кўзда тутилмоқда.
Мурожаатномада алоҳида урғу берилган масалалардан бири тергов судьялари институтининг янада кенгайтирилишидир. Тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларининг берилиши “Хабеас корпус” институтининг реал мазмун билан бойитилишидан далолат беради. Бу ҳолат шахс эркинлиги дахлсизлигини кафолатлаш, ноқонуний ушлаб туриш ва асоссиз процессуал чекловларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Шу билан бирга, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, хусусан, “халқ вакиллари ҳайъати” институтининг босқичма-босқич жорий этилиши суд ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги ва жамият ишончини оширишга хизмат қилади. Оғир ва ижтимоий резонансли жиноят ишларининг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмларининг адолатлилигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш масаласи ҳам Мурожаатномада тизимли ёндашув асосида ёритилган. Суд ҳужжатлари ижроси самарали ташкил этилмас экан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тўлиқ тиклаш имконсизлиги таъкидланди. Шу боис мажбурий ижро тизимига сунъий интеллект асосидаги муқобил механизмларнинг жорий этилиши, ижро ҳаракатларининг муайян қисмини инсон омилисиз амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу нафақат ижро интизомини кучайтиради, балки коррупциявий хавфларни камайтиришга ҳам хизмат қилади.
Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизими билан узвий боғлиқ бўлган жиноятчиликка қарши кураш, хусусан, гиёҳвандлик, уюшган жиноий гуруҳлар ва молиявий жиноятлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Гиёҳвандлик жиноятларининг кўпайиши, ёшларнинг бу жараёнга жалб этилаётгани миллат генофонди ва жамият барқарорлигига жиддий таҳдид сифатида баҳоланди. Шу муносабат билан наркожиноятларга қарши курашни умуммиллий ҳаракат даражасига кўтариш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда бутун жамиятни сафарбар этиш зарурлиги илмий жиҳатдан асосланган ижтимоий ёндашувдир. Бу ерда профилактика, маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш ва ҳуқуқий онгни ошириш суд-ҳуқуқ сиёсатининг муҳим таркибий қисми сифатида намоён бўлади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, ноқонуний жиноий тузилмалар фаолиятига қатъий барҳам бериш масаласи ҳуқуқий давлатнинг муҳим шарти эканлиги қайд этилди.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш борасида билдирилган позитция эса суд-ҳуқуқ тизимининг инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларига таянишини кўрсатади. Оилавий зўравонликни шахсий масала сифатида эмас, балки жамият хавфсизлигига дахлдор муаммо сифатида баҳолаш замонавий ҳуқуқий тафаккурга мос ёндашувдир.
Мурожаатномада коррупцияга қарши кураш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилиб, 2026 йилда бу борада “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши қатъий сиёсий ироданинг ифодаси бўлди. Давлат органларида комплаэнс тизимининг жорий этилиши, бюджет маблағлари устидан шахсий жавобгарликнинг кучайтирилиши ва қонун олдида барчанинг тенглиги принципи суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу чора-тадбирлар коррупцияни тизимли равишда жиловлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизими бўйича белгиланган вазифалар ҳуқуқий давлат барпо этишнинг илмий асосланган, комплекс ва изчил консепциясини ифодалайди. Рақамлаштириш, жамоатчилик иштироки, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги ва коррупцияга муросасиз муносабат тамойилларига таянган ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонда адолатли судлов ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эгадир.
Қаҳрамон Мирсафаев,
Тошкент шаҳар суди судьяси






