“ЎГАЙ ОНАМ УЙ ТАЛАШЯПТИ”

— Турмушдан ажрашганман. Икки нафар фарзандим билан ота ҳовлимда яшаб келяпман. Оилада олти фарзандмиз, ўгай онамдан яна иккита синглим бор. Сингилларим билан муносабатимиз яхши, лекин ўгай онам билан кўп тортишиб қоляпмиз. Яқинда у судга мурожаат қилиб, 9 сотих ҳовлининг 5 сотихини унга ажратиб беришларини сўради. Уй отамнинг номида. Қизлари онасининг фойдасига улушларидан воз кечишди. Бизда эса ота ҳовлида иккита укам ва мен болаларим билан яшаймиз. Суд аризани қаноатлантириши мумкинми?

Исми сир тутилди

— Фуқаролик процессуал кодексининг 9-моддасига кўра, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.


Шу боис, суд ўгай онангизни аризасини қаноатлантириши мумкинлиги ҳақида фикр билдиришимиз асосли бўлмайди. Лекин, отангиздан қолган уй-жойга нисбатан унинг олти нафар фарзандлари ва ўгай онангиздан яна икки нафар синглингиз меросхўр бўладилар.


Фуқаролик кодекснинг 1117-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади.


Ушбу кодекснинг 1135-моддасида мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.


Фуқаролик кодекснинг 1147-моддасига кўра, меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.
Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.


Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.


Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Хусусан, Фуқаролик кодекснинг 1146-моддасига кўра, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.


Сизга, мерос олиш учун низоли хонадон жойлашган ҳудуддаги нотариал идорага мурожаат қилишингиз лозим.


Шу билан бирга, нотариал идора томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш қонунда назарда тутилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, бузилган ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш юзасидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишга ҳақлисиз.


Мурожаатингиздаги уй-жой 9 сотихдан иборатлиги, ўгай онангиз 5 сотихини унга ажратиб бериш мумкинлиги борасида қуйидагилар маълум қилинади.
Мерос қабул қилгач, меросхўрлар ўзаро келишган ҳолда улушларига мутаносиб равишда ёки улушларидан чекинган ҳолда уй-жойдаги қурилмаларни ва ер майдонини бўлиб олишлари мумкин. Ўзаро келиша олмасалар, бундай талаб билан судга мурожаат қилишлари мумкин.


2006 йил 3 февралдаги “Ер кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум Қарорининг 11-бандига кўра, биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкаларини бўлиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилаш, шунингдек ер участкаси чегарасини белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал қилишда суд Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 22-моддасининг тўртинчи қисмига асосан улушларга мутаносиб равишда ер участкасини бўлиш ёки фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги давлат ер кадастри ёки ер экспертизаси хулосасидан келиб чиқиши лозим.

 

Биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасини тарафларнинг иморатга бўлган эгалик ҳуқуқидаги улушларига мутаносиб равишда ажратиш имконияти бўлмаса, суд илгаридан ўрнатилган ер участкасидан фойдаланиш тартибидан келиб чиқиши лозим.

 

Дурдона АБДУҚАХАРОВА,

Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси