ЯШНОБОД  ТУМАНИ «ИШГА МАРҲАМАТ» МОНО МАРКАЗИДА БЎЛИБ ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Хабар қилинганидек, бугун Яшнобод тумани Амир Темур маҳалласида жойлашган «Ишга марҳамат» моно марказ биносида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг сайёр қабули ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Сайёр қабул учун бежизга Моно марказ биноси танланмади, чунки янгидан қурилган бу маскан ҳар томонлама фуқароларни қабул қилиш учун қулай эди. Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари белгиланган вақтдан барвақт Моно марказга етиб келишди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси , солиқ, адлия, мажбурий ижро бюроси ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ўзлари учун белгиланган жойлардан ўрин олишди.  Бу галги сайёр қабулда Яшнобод, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб,  сайёр қабулда турли масалалар бўйича ечимини излаб келган фуқароларни кўриш мумкин эди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедовлар суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташриф буюрган фуқароларнинг шикоятларини тинглади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди раиси Б.Алимов, Миробод, Мирзо Улуғбек тумани суди судьялари, туманлараро фуқаролик суди судьялари, иқтисодий суд судьялари ҳам ҳозир бўлишди.

Сайёр қабулда суд қарорларидан норози бўлиб келган 12 нафар фуқаро мурожаати эшитилди. Мурожаатларнинг 4 таси фуқаролик, 5 таси жиноят иши, 3 таси маъмурий ишлар бўйича бўлиб, судлар раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилди. Вақт талаб этадиган аризалар назоратга олинди. Мурожаатларнинг 12 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.Хулоса қилиб айтганда, белгиланган режа асосида ўтказилаётган бу сайёр қабулларда фуқараолар мавжуд муаммоларга ечим топмоқда, айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилмоқда, ҳуқуқий маслаҳат олиб, қонуннинг тўғри қўлланилиши бўйича зарур тушунчага эга бўлмоқдалар.  Бу тадбир аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги ошишига хизмат қилмоқда.