ЮТУҚЛАР ЎЗИМИЗНИКИ, ИСТИҚБОЛДА ЭСА КАТТА ВАЗИФАЛАР ТУРИБДИ

Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган истиқболдаги вазифаларга бағишлаган тадбир бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси мутасаддилари, туман, туманлараро судлари раислари, барча судьялар ва суд аппарати ходимлари иштирокида ўтган тадбирда давлат раҳбарининг Мурожаатномасида ижтимоий адолатни таъминлаш масаласи устувор аҳамият касб этгани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Айтилдики, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жамият тараққиёти, ҳуқуқ устуворлиги ва суд тизими мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқ экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларда суд тизимига алоҳида эътибор қартилаётгани бежиз эмас.

 Иқтисодиёт янгидан шаклланаётгани, ижтимоий ҳимояга берилаётган алоҳида эътибор, бир сўз билан айтганда, ислоҳотларнинг аниқ амалий натижалари замирида  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтарилаётганини кўриш мумкин.

Мурожаатномада суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар давом эттирилиши алоҳида йўналиш сифатида белгиланди. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттирилиши алоҳида таъкидланди. Одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш ишларини янги босқичга кўтариш, 2026 йилда тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш таклифи илгари сурилди. Ушбу таклиф ўтган қисқа вақтда тергов судьяси янги ҳуқуқий институти сифатида шакллантирилиб,  суд ҳокимиятининг муҳим бўғинига айланганини ҳам англатади.

Ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакилларидан иборат “халқ вакиллари ҳайъати” иштирокида кўриб чиқилишига доир  илғор тажрибанинг босқичма-босқич жорий этиш таклифи эса, шубҳасиз, суд тизимида янги саҳифа очади.

Тизимда жорий этилаётган ҳар бир янгилик катта имконият бўлиши билан бирга улкан масъулият ҳамдир. Соҳадаги ислоҳотлар судьялар ҳамжамиятининг ҳар бир вакили суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаши, коррупцияга нисбатан қатъий ва муросасиз бўлиб,  ўз билим ҳамда малакасини мунтазам ошириб бориши шарт эканини яна бир бор намоён этади.

Тадбирда сўзга чиққанлар Мурожаатнома кўлами ва аҳамияти ҳақида сўз юритиб, ушбу ҳужжат барча учун  дастуруламал эканини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати