“ЭСКИ ОДАМ” КАСРИ

Бир кимса битта жиноий қилмишга жуда кўп бора қўл уриши мумкинми? Ҳа, ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

 

Масалан, пойтахтимизнинг Белтепа даҳасида яшовчи, 54 ёшли Б. Миродилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ни шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин.

 

Нега деганда, Б. Миродилов 2009 йилдан буён оз эмас, нақд 11 марта фирибгарлик жиноятини содир этгани учун қонуний жазога тортилган. Энг асосийси, ҳар гал унга нисбатан жазо тайинланаётганда, қилмишидан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олишга имконият берилган. Аниқроқ айтганда, баъзан суд томонидан синов муддати белгиланган бўл­са, бошқа бир сафар аҳлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Қолаверса, аҳлоқ тузатиш иши жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳо­латлар ҳам бўлган. Аммо сўқир кўзлари очилмаган бу кимса ҳар гал жазодан озод бўлгач, «эски ҳунари»ни такрорлайверган. Бинобарин, жиноят ишлари бў­йича Шайхонтоҳур тумани судининг 2021 йил 8 ноябрдаги сирт­дан чиқарилган ажримига мувофиқ, ўталмай қолган 1 йил 6 ой 25 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси Жиноят кодексининг 46-моддаси тартибида шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.

 

Буни қарангки, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган пайтда Б. Миродиловнинг ўн иккинчи марта содир этган фи­рибгарлик жинояти фош бўл­ди. Аниқроқ айтганда, у 2021 йил октябрь ойининг бошларида шериги Жаъфар Собитов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Улуғбек Абдураҳмоновни алдайди. Яъни фи­риб­гар­лар У. Абдураҳмонов, унинг турмуш ўртоғи У. Айматова ва укаси О. Абдураҳмоновнинг Қозоғистон Республикаси, Чимкент шаҳрида жойлашган Мухтор Авезов номидаги университетдаги ўқи­шини мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириб беришни ваъда қилишади. Улар бу «хизматлари» учун Мирзо Улуғбек туманидаги «ТАТА» меҳмонхонаси олдида У. Абдураҳмоновдан 2 700 АҚШ доллари ва 13 000 000 сўм олишади. Бироқ ваъда ваъдалигича қо­либ кетади, фирибгарлар алдов йўли билан қўлга киритган маблағни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.

 

Орадан икки ҳафта ўтгач, жиноий шериклар Манахбай Сарипбаевни ҳам чув туширишади. Яъни М. Сарипбаевнинг Қо­зоғистон миллий технология университетида ўқиётган қизининг ўқишини мамлакатимиздаги олийгоҳлардан бирига кўчириб беришни ваъда қи­либ, ундан 700 АҚШ доллари ва 3 045 000 сўм олишади.

 

Буни қарангки, Чимкент шаҳ­ридаги Мухтор Авезов номидаги университетда таҳсил олаётган Мейргул Калдибаева ҳам ҳамтовоқларнинг фириб тузоғига илинади. У ўқишини Ўз­бекистондаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириш учун фирибгарларга 700 АҚШ доллари беради.

 

Аммо охир-оқибат алданганини англаб етган М. Калдибаева Ж. Собитовга қўнғироқ қилади.

 

— Ўқишимни кўчириш шарт эмас, Қозоғистонда ўқийвераман. Менга пулимни қайтариб беринглар, — дея талаб қилади.

 

Аммо Б. Миродилов ҳам, Ж. Собитов ҳам пинак бузишмайди. Ҳатто Б. Миродилов М. Калдибоева қайта-қайта қўнғироқ қилавергач, уяли телефонини ўчириб қўяди.

 

Шундан сўнг жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишади. Натижада ҳамтовоқларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан уларга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

 

Хулоса ўрнида айтганда, фирибгар кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

 

Баҳодир ҚАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси