ЭР-ХОТИН АЛОҲИДА ЯШАГАНДА, БОЛА КИМ БИЛАН ЯШАШНИ ТАНЛАЙ ОЛАДИМИ?
— Бундан ярим йил олдин оилавий можароларни деб келиним уйдан кетиб қолди. Катта набирам онаси билан бирга кетишни хоҳламаган, яқинда ҳеч кимга билдирмай қочиб келди. Онаси вазиятдан хабар топиб, уриш-жанжал билан болани олиб кетди. Набирам 9 яшар. Онаси билан яшашни хоҳламаяпти. Эр-хотин ажрашмаган бўлса ҳам болани ўз тарбиямизга олиш ҳақида судга берсак бўладими? Боланинг хоҳиши инобатга олинадими?
Исми сир тутилди
Нигора МИРЗАКАРИМОВА, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Оила Кодексининг 75-моддасига мувофиқ ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг аҳлоқий ва бошқа фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.
Бу қонун нормалари Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сонли қарорида ҳам кўрсатиб ўтилган. Қарорнинг 3-бандида “Суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган болаларни уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила Кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим.
Суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин.
Мазкур ҳолатда эр ва хотин ажрашмаган бўлса ҳам болани яшаш жойини белгилаш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.