ЭР-ХОТИНДАН БИРИ БЎЛМАГАН ҲОЛЛАРДА СУД ТОМОНИДАН НИКОҲДАН АЖРАТИШ МУМКИНМИ?
— Дугонам эри билан ажрашмоқчи. Эри «қўлингдан келганини қил, барибир ажраша олмайсан», деб хорижга кетиб қолди. Мақсади – дугонамни хўрлаш. Шусиз ҳам икки марта уриб, ҳомиласини туширди. Дугонам битта ўғли билан ота-онасиникида яшаяпти. Эри билан бирга яшаган уйига қайнонаси киритмаяпти. «Ўғлим қачон қайтса, ўшанда кўчигни оласан» деган. Бу вазиятда дугонам ажрашишга берса бўладими? Эри бўлмаса, суд ажраштирадими?
Исми сир тутилди
— Маълумки, мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришган дастлабки йиллардан бошлаб унинг инсон ҳуқуқларига оид асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар – Бирлашган миллатлар ташкилотининг бир қатор ҳужжатлари, жумладан “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси қоидаларига мос равишда оилани мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир аъзоси ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий муносабатларда ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлақонли фойдаланишлари учун имкониятлар яратишга йўналтирилган миллий қонунчилик базаси яратилди ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда доимий равишда такомиллашиб бормоқда.
Аввало, таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда оилавий муносабатларни тартибга солувчи дастлабки ҳужжат сифатида бош Қомусимиз ҳисобланган Конституция майдонга чиқади.
Шу билан биргаликда, оилавий муносабатларни тартибга солувчи яна бир муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири – Оила кодексида ҳам оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясида эканлиги ҳақидаги қоида мустаҳкамланган.
Никоҳ бу эркак ва аёлнинг ихтиёрий ва ҳуқуқларининг ўзаро тенглиги асосида оила тузиш ва эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаришга қаратилган келишув бўлиб, бир сўз билан айтганда, никоҳ шакли – тарафларнинг ушбу муносабатларини қонун билан белгиланган қайд қилиш усули ҳисобланади.
Шу ўринда, мурожаатчимизнинг саволига тўхталадиган бўлсак, тарафларнинг ўзаро эр-хотинлик муносабатларини давом эттиришга бўлган хоҳиш-иродаси сўнган, ёки бир-биридан кўнгли қолган ҳолларда қоида тариқасида ФҲДЁ органига ёки судга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Тарафлар ўртасида вояга етмаган фарзандлари борлиги ёки ўртада мол-мулк юзасидан низонинг мавжудлиги эр ёки хотинга никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб билан бевосита судга мурожаат қилишни тақозо этади.
Оила кодексининг 40-моддасига биноан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Ушбу Кодекснинг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 06-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 7-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар, қоида тариқасида, жавобгарнинг доимий яшаш жойидаги судга, ФПК 34-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, даъвогарнинг хоҳиши бўйича тақдим этилади.
Хусусан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво:
– жазо муддатидан қатъи назар, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс билан (агар иш суднинг судловига тааллуқли бўлса) – мазкур шахснинг судлангунга қадар охирги яшаш жойида;
– яшаш жойи номаълум бўлган шахс билан-унинг маълум бўлган охирги яшаш жойида ёки унинг мол-мулки турган жойда, даъвогар вояга етмаган болалари борлиги ёки саломатлиги туфайли жавобгарнинг яшаш жойига боришга қийналган ҳолларда эса, – даъвогарнинг яшаш жойида;
– Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган ёки мамлакатдан чиқиб кетган шахс билан унинг мол-мулки турган жойда ёки Ўзбекистон Республикасида маълум бўлган охирги яшаш жойида тақдим этилиши мумкин.
Мазкур Пленум қарорининг 14-бандига асосан, эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетган ва унинг суд мажлисига келиш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормаларига мувофиқ тарафларни хабардор қилиш чораларини кўради.
Фуқаролик процессуал кодексининг 164-моддасига асосан, жавобгарнинг амалдаги туриш жойи номаълум бўлса, жавобгарнинг охирги яшаш жойидаги алоқа ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёхуд охирги иш жойидаги иш берувчи (маъмуриятнинг мансабдор шахси) суд чақирув қоғозининг ёки бошқа хабарноманинг иккинчи нусхасига мазкур органлар ёки ташкилотлар суд чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани олганлиги ва уни чақирилувчининг туриш жойи номаълумлиги сабабли унга топширишнинг имкони бўлмаганлиги ҳақида ёзиб юборган маълумот судга келиб тушгач, суд ишни муҳокама қилишга киришади.
Шунингдек, ушбу Кодекснинг 220-моддасига кўра, тарафлар келмаслик сабаблари тўғрисида судни хабардор қилиши ва бу сабабларнинг узрлилигига далиллар тақдим этиши шарт. Агар жавобгарнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаса ёки суд келмаганлик сабабларини узрсиз деб топса ёхуд жавобгар иш юритилишини қасддан чўзаётган бўлса, суд ишни кўришга ҳақли.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб суд томонидан кўриб чиқилаётган вақтда, тарафлардан бирининг яшаш жойининг номаълумлиги ёки чет элда бўлиб, у ерда унинг аниқ яшаш манзилини аниқлашнинг имкони бўлмаса, ушбу ҳолатда, суд ФПКнинг 164 ёки 220-моддаларига асосан тарафлардан бирининг иштирокисиз кўриб чиқишга ҳақли.
Айтиш жоизки, никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб суд томонидан кўриб чиқилаётган вақтда талафларнинг ҳозир бўлишлари ушбу низонинг суд томонидан адолатли ва қонуний ҳал қилинишига ёрдам беради.
Азиз Рахмонов,
фуқаролик ишлари бўйича
Яккасарой туманлараро суди судьяси