«ЭРИМ БОШҚАСИГА УЙЛАНИБ ОЛГАН, КАМИГА МЕНИ АЛИМЕНТГА ҲАМ БЕРИБДИ…»
— Эр-хотин Россияда ишлардик. Ўтган йили эрим Тошкентга қайтиб кетди, мен шартномам тугамагани учун қолдим. Яқинда қайтиб келсам, эрим бошқасига уйланиб олган, камига мени алиментга ҳам берибди. Ҳеч нимадан хабарим бўлмагани учун алиментдан қарз бўлганман. Ахир «ЗАГС»имиз бўлса, буни устига алиментга берганини билмаганман, энди нима қилай?
Исми сир тутилди.
Эльвира Хамраева, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг раис ўринбосари:
— Оила кодексининг 97-моддаси биноан, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
136-моддага биноан, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
• бир бола учун – тўртдан бир қисми;
• икки бола учун – учдан бир қисми;
• уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади.
Шу сабабли, вояга етмаган фарзандлар учун ота-она тенг эканлигини, алимент ундириш бўйича ота-она қонуний никоҳда бўлишининг аҳамияти йўқлигини инобатга олиб, ота болаларининг таъминоти учун онадан алимент ундиришни талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд. Агарда сиз алимент тўлаш бўйича низоингиз бўлса, алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи чиқарилган бўлса, мазкур суд буйруғини бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган бўлса, ҳал қилув қарори устидан юқори турувчи судга апелляция шикояти бериш, ёки судга алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжуд.