«ЭРИМ БИЛАН «ЗАГС»ИМИЗ ЙЎҚ, БОЛАЛАРИМНИ ХОРИЖГА ОЛИБ КЕТА ОЛАМАНМИ?»

— Турмуш қурганимизда «ЗАГС»дан ўтмаганмиз. Эрим уч йил олдин хорижга кетганича дом-дараги йўқ. Фақат онаси билан гаплашиб туради. Лекин қайнонам ўғли қаердалигини айтмайди. Тўғриси, муносабатимиз яхшимас. Икки фарзандимни «метрикаси»да отаси кўрсатилган. Болаларимни олиб, хорижга опамни ёнига кетмоқчиман. Лекин эримнинг розилиги кераклигини айтишди. Уни қаердалигини билмасам, қандай қилиб розилик оламан? Моддий аҳволим яхши эмас, ишлагани кетмоқчиман.

Исми сир тутилди.

Дилфуза ДАДАДЖАНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 61-моддасига асосан боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.


Қонун талабига кўра, қонуний никоҳдан ўтмасдан туриб, турмушларидан туғилган фаразндларига нисбатан ҳам оталик белгиланганлиги ҳолати мавжуд бўлса, яъни боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасида отаси деб кўрсатилган шахс болага нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.


Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгар бўлиб, ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари кафолатланади.


Энди болани отанинг рухсатисиз чет давлатига олиб чиқиш мумкинлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги масалага тўхталсак, Президент Қарорининг (ПҚ-4079-сон 26.12.2018 йил) илова қилинган фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқишлари учун уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирииши лозим. Фуқароларнинг вояга етмаган фарзандларини хорижга олиб чиқишлари учун ҳам шундай биометрик паспорти талаб этилади.


Вояга етмаганларни хорижга чиқишлари учун биометрик паспорти боланинг туғилган кунидан бошлаб, бир ёшгача — 2 йил муддатга, бир ёшдан 25 ёшгача 5 йил муддатга берилади. Ушбу биометрик паспортини олишда вояга етмаган боланинг ота-онасининг нотариал тартибда тасдиқланган розилик аризаси талаб этилади. Бундай ариза мавжуд бўлмаса, вояга етмаган болани хорижий давлатга олиб чиқишга рухсат берилмайди.


Президент Қарорининг (ПҚ-4079-сон 26.12.2018 йил) илова қилинган фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 33 бандига асосан вояга етмаган боланинг хорижга чиқишига биометрик паспортини расмийлаштиришда ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайдиган холатлар ҳам мавжуд.


Улар: ота-онанинг бири вафот этганлиги, боқувчиси ёлғиз она бўлганлиги, боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганлиги, ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилингани, бедарак йўқолган деб топилгани ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги, ота-онадан бирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганлиги ҳисобланади.


Ушбу санаб ўтилган ҳолларда болани хорижга олиб чиқишга ота-онасининг розилиги талаб қилинмайди. Ўзбекистон Республикаси Оила қонунчилиги ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.


Вояга етмаган болани хорижга олиб чиқишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда, ушбу келишмовчиликлар суд тартибида ҳал қилиниши қонун билан кафолатланади.