«ЭРИМНИНГ ФАРЗАНДИГА 18 ЁШДАН КЕЙИН ҲАМ АЛИМЕНТ ТЎЛАЯПМИЗ»

— Турмуш ўртоғимнинг биринчи турмушидаги фарзандига 18 ёшга тўлганидан сўнг ҳам алимент тўлаяпмиз. Уни тўхтатиш учун МИБга мурожаат қилса, «Собиқ рафиқангиз алиментни тўхтатиш учун ариза ёзиши керак», дейишибди. Шу тўғрими? Ахир фарзанд 18 ёшга тўлганидан сўнг алимент бирдан тўхтатилмайдими?.. Зиёд тўлаган алимент пулини қайтариб олишимиз мумкинми?

Исми сир тутилди

АРИЗА ЁЗИШ КЕРАКМИ?

— Қонунчиликка асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Ушбу мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёхуд суд буйруғига асосан, алимент ундирилади. Ушбу қонун нормаларидан ота (она)нинг фарзандига нисбатан алимент мажбуриятлари бола вояга етгунига қадар амалда бўлади. Фақат Оила кодексининг 100-моддасида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

 

Қонун ҳужжатларида бола вояга етиб, алимент тўлашни тугатиш вужудга келганда она (ота) томонидан бу ҳақда ариза берилиши назарда тутилмаган.

 

Таъминоти учун суд томонидан алимент ундирилаётган бола вояга етганидан сўнг ота (она)нинг ушбу болага нисбатан алимент мажбуриятлари бекор бўлади. Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан юритилаётган ижро иши Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни талаблари асосида тугатилишига асос бўлади.

 

ҚАЧОН ТЎХТАТИЛАДИ?

— Алимент мажбуриятларини тартибга солувчи амалдаги қонунчиликда алиментни бекор қилиш назарда тутилмаган.

 

Оила кодексининг 132-моддасида алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши асослари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам ўша шаклда амалга оширилади.

 

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг бажарилишини бир тарафлама рад қилишга ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

 

Оила кодексининг 147-моддасига кўра, алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.

 

Суд тартибида ундириладиган алимент тўлаш:

 

– бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;

 

фойдасига алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;

 

– суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;

 

– меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;

 

– алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда тугатилади.

ҚАЙТАРИБ ОЛИШИ МУМКИНМИ?

— Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида бола таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти бола вояга етгунига қадар бажарилиши кўрсатилган. Ортиқча ундирилган алиментлар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қаралиб, уни қайтариш асослари Фуқаролик кодексида белгиланган.

 

Фуқаролик кодексининг 1030-моддаси талабларига асосан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғликка етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда, асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтариб берилмайди.

 

Дилшод Ҳасанов,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро суди судьяси