ЭРИМНИНГ НОМИДАН АЛИМЕНТ ТАЛАБ ҚИЛИШГА ҲАҚИМ БОРМИ?

— Эримнинг биринчи турмушидан 3 нафар фарзанди бор, уларга алимент тўларди. Катта фарзанди 18 ёшга тўлиб, олий ўқув юртига ўқишга кириб, ишлаяпти. Яқинда эрим инсульт бўлиб, ётиб қолди. Топганимизни дори-дармонга сарфлаяпмиз. Бундай ҳолатда эрим ўғлидан алимент талаб қилса бўладими? Эримнинг номидан алимент талаб қилишга ҳақим борми?

Исми сир тутилди

Лола Саидова, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Амалдаги Оила кодексининг 109-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.


Юқоридаги қонун нормасига кўра, агар ота ёки она пенсия ёшига етмаган бўлсада, лекин ҳақиқатда ёрдамга муҳтожлигини, меҳнатга лаёқатсизлигини тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилса, унда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзанддан ота ёки онага алимент ундириб бериши мумкин.


ФПКнинг 65-моддаси 1-қисмига кўра, фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкин. ФПКнинг 66-моддаси 1-қисмига кўра, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) ҳимоя қилади.


ФПКнинг 50-моддаси 1-қисмига кўра, агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.


Агар сиз эрингизнинг васийси ёки ҳомийси бўлиб тайинланмаган бўлсангиз, шунингдек турмуш ўртоғингиз сизга нотариал тасдиқланган ишончнома бермаган бўлса, унда сиз турмуш ўртоғингиз номидан судга ариза бериш ҳуқуқига эга эмассиз.


Зеро сиз ушбу масалада прокурорга мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Оила кодексининг 4-1-моддасига кўра, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оиладир. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.


Ушбу қонун нормаси талабларига кўра, агар фарзанд таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, суд унинг талабалигини, ишсизлигини инобатга олиши ва алимент тўлашдан озод қилиши мумкин.


Амалдаги Оила кодексининг 105-моддасига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

 

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.


Алимент тўловини тўхтатиб туриш деган тушунча қонунчиликда мавжуд эмас, юқоридаги қонун талабларига кўра алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида судга даъво билан мурожаат қилиниши мумкин.


Оила кодексининг 123-моддасига кўра, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин.


Агар моддий жиҳатдан яхши таъминланган бобо-буви ўз хоҳиши билан алимент тўламоқчи бўлсалар буни амалга оширишлари мумкин, шунингдек бу мажбурият қонун талабларига кўра, даъво тақдим этилганда, суднинг қарори билан ҳам белгиланиши мумкин.