“ЭРИМДАН АЛИМЕНТ УНДИРОЛМАДИМ”

— Турмуш ўртоғим билан 6 йил бирга яшадик, 4 нафар фарзандимиз бор. Эрим ичиб келиб, мени ва болаларимни уриб, ҳақоратлади. Айбим Самарқанддан Чироқчига келин бўлганим. 2021 йилда эримдан алимент ундириш учун судга мурожаат қилдим, лекин ололмадим. Қайнота, қайнонамнинг 3 гектар “участка”си бор, эримнинг “участка”си эса 1 гектар. Эримнинг участкасидан 4 нафар болам учун ер “участка”си олиб беришларини истайман. МИБга мурожаат қилсам “эринг камбағал, ер бўлиб бера олмаймиз”, дейишяпти.

С. Мелиева, Cамарқанд вилояти

Мутахассис: Баходир САИДМУРАТОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

 

— Вояга етмаган фарзандларингизни таъминлаш эрингизнинг мажбурияти бўлиб, унинг моддий аҳволи яхши эмаслиги, эрингизни алимент тўлаш билан боғлиқ мажбуриятлардан озод қилмайди.

 

Давлат ижрочиси эрингизнинг камбағал эканлигини важ қилиб алимент тўловларини ундирмасликка ҳақли эмас. Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 80-моддасига кўра, алиментлар ундириш бўйича талаблар энг биринчи навбатда қаноатлантириладиган талаблар жумласига киради.

 

Эрингизнинг мунтазам оладиган даромади бўлмаган тақдирда алимент тўловлари бўйича ундирув унинг барча мулкий ҳуқуқларига, хусусан, унга тегишли бўлган барча мол-мулкка қаратилиши лозим. Бундай мол-мулк бўлмаган тақдирда ҳам эрингиз алимент мажбуриятлардан озод бўлмайди.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб, икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик эрингизга нисбатан маъмурий жавобгарлик чорасини қўллашга, қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра, жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

 

Қайд этилганларга кўра, давлат ижрочиси алимент тўловларини ундириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган барча чораларни кўришга мажбур эканлиги, шунда ҳам алимент тўловлари амалга оширилмаган тақдирда эрингизга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик юзасидан иш қўзғатиши лозимлиги маълум қилинади.

 

Эрингизга тегишли бўлган ер участкаси юзасидан эса тушунтиришингизга кўра, мазкур ер участкаси қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун оила пудрати шартномаси асосида берилган бўлиб, гарчи ушбу ер участкасидан эрингиз фойдаланиб келсада, у ушбу ер участкасининг мулкдори эмас, шартнома асосида муддатли ижарачиси ҳисобланади.

 

Ер кодексининг 51-моддаси 1-қисмига кўра, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларида ер участкалари, қоида тариқасида, оилаларга қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун камида беш йил муддатга фойдаланишга оила пудрати шартномаси шартлари асосида берилади.

 

Мазкур модданинг 6-қисмига кўра, оила (жамоа) пудрати шартлари асосида бериладиган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади, бунда ҳайдаладиган ерлар майдони ўлчамларининг камайтирилишига йўл қўйилмайди.

 

Қайд этилганларга кўра, эрингиз томонидан фойдаланиб келинаётган ер участкасини бўлишга, унинг бир қисмини фарзандларингиз учун олиб беришга йўл қўйилмайди.

 

Шу билан бирга, мазкур модданинг 8-қисмида оила (жамоа) пудратида меҳнатга ҳақ тўлаш якуний натижаларга кўра — етиштирилган маҳсулотнинг шартномада назарда тутилган миқдори, сифати ва баҳосига кўра амалга оширилиши, оила аъзолари (пудратчилар) — пай эгалари хўжаликнинг йил давомидаги фаолияти якуний натижаларига кўра аниқланадиган дивидендлар олиши белгиланган бўлиб, сизга фарзандларингиз таъминоти учун алимент олишда ушбу дивидентлар ҳам алимент олувчининг даромади сифатида инобатга олиниши маълум қилинади.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

()