ЭГИЗАК ТАЛОНЧИЛАР ЁХУД ЖИНОЯТНИНГ САБАБИ НИМА?
Амалдаги Жиноят кодексининг 166-моддасига биноан, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш талончиликдир. Талончилик унча оғир бўлмаган жиноят сифатида таснифланади. Афсуски, сўнгги пайтларда ушбу жиноят жуда кўп содир этилмоқда.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи эгизаклар Жамолиддин ва Камолиддин Ғиёсов (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундай жиноятга қўл уришди. Уларга маҳалладоши Фозилжон Сойипов шерик бўлди. Дастлаб уччовлон ўтган йилнинг 18 август куни кимнингдир пули ёки буюмини қўлга киритиш тўғрисида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришади. Улар кечки пайт Мирзо Улуғбек тумани, «Ўзбекистон овози» кўчасидаги кўп қаватли уйнинг олдида София Мишнёванинг нархи 280 АҚШ долларига тенг бўлган «Samsung Galaxy A 32» русумли уяли телефон аппаратини тортиб олиб, воқеа жойидан қочиб кетишади. Эртаси куни эса, талончилар «Буюк Ипак йўли» метро бекати ёнига келишади. Бу пайтда фуқаро Шерзод Жўраев метро бекати яқинидаги банкоматдан пул ечмоқчи бўлиб турганди.
— Илтимос, телефонингизни бериб туринг. Танишимга қўнғироқ қилиб олай, — дейди Фозил.
Уларнинг ғараз ниятидан бехабар бўлган Ш. Жўраев баҳоси 2 800 000 сўмлик «Samsung Galaxy A 12» русумли телефон аппаратини унинг қўлига тутқазади. Ф. Сойипов телефонни олгач, ким биландир гаплашгандек бўлади. Шунда Жамолиддин Ш. Жўраевнинг ёнига келиб, банкоматдан қандай тартибда валюта ечиш мумкинлигини сўрайди. Шерзод Жўраев унга тушунтираётган пайтда Фозил билан Камолиддин кўздан ғойиб бўлишади.
— Шерикларингиз қаёққа кетишди?, — дея ажабланиб сўрайди Ш. Жўраев.
Бироқ Ж. Ғиёсов уларни танимаслигини маълум қилади.
Шундан сўнг ҳамтовоқлар уч ҳафта «танаффус» қилишади. 2021 йил 9 сентябрь куни шом қоронғусида улар яна «Буюк Ипак йўли» кўчасида пайдо бўлишади. Кейин қоронғу тушишини кутиб, ўша атрофда ўралашиб юришади. Ярим тунда шу ҳудуддаги 165-уйнинг олдидан ўтиб кетаётган Тоҳир Абдуллаевни тўхтатишади.
— Укамни йўқотиб қўйдим. Шунинг учун телефонингиздан қўнғироқ қилиб олсам бўладими? — деб сўрайди Фозил ўзини азият чекаётгандек кўрсатиб.
Т. Абдуллаев унинг ёлғонига ишониб, нархи 180 АҚШ долларига тенг бўлган «Samsung Galaxy A 20» русумли телефон аппаратини беради. Ф. Сойипов ўзини кимгадир қўнғироқ қилаётгандек тутиб, орқасини ўгириб турган вақтда Жамолиддин ва Камолиддин Тоҳирдан сигарет сўрайди.
— Узр, мен чекмайман, — дея жавоб беради телефон эгаси.
— Бор, ўзинг сигарет олиб кел! — дея буюради Фозил Жамолиддинга.
Кейин у телефон аппаратини Камолиддинга бериб юборади-да, Т. Абдуллаевга сурбетларча юзланади:
— Ака, менинг онам касал, дори-дармонларига пул керак. Илтимос, телефонингиздан воз кечинг…
— Нималар деяпсиз? Онангиз касал бўлса, айб мендами? — дея эътироз билдиради Т. Абдуллаев.
Аммо Ф. Сойиповга унга телефонини қайтариб бермаслигини айтади.
— Телефонимни қайтариб беринг, — дея талаб қилади Т. Абдуллаев.
— Мен сендан телефон олдимми? Кимга берган бўлсанг, ўшандан сўра! — деб тиржаяди Камолиддин уни мазах қилгандек.
Шундан сўнг талончилар Жамолиддин тўхтатган таксига ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетишади. Т. Абдуллаев таксининг давлат рақамини эслаб қолиб, тезда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этади. Шу боис жиноятчиларни қўлга олиш қийин кечмайди. Чунки ундан аввал жабрланувчилар С. Мишнёва ва Ш. Жўраев ҳам Мирзо Улуғбек тумани ИИБга мурожаат қилишган эди.
Шундан сўнг талончиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди судланувчиларни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.
Баён этилган жиноят тафсилоти бу каби ҳолатлар юзасидан жиддий чора-тадбирлар кўриш, бунинг учун масалага дахлдор шахсларнинг масъулияти, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш зарурлигини кўрсатади. Талончиликка асосан ҳеч қаерда ўқимайдиган ёки ишламайдиган ёшлар қўл урмоқда. Демак, жамоатчилик, айниқса, маҳалла фаоллари, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори бу масалага доимий эътибор қаратиши керак. Аниқроғи, бу тоифадаги ёшларнинг бандлигини таъминлаш орқали жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мумкин.
Санжар АБДУҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси