ШУБҲАГА ЎРИН ЙЎҚ!

Каналимиз кузатувчиларидан бири куни кеча ёзиб қолдики, судьялар билан ўтаётган сайёр суҳбатларга оид ахборотларда “самимий” сўзи кўп ишлатилади, муболаға қиляпсизлар-ов?!
Йўғ-а, муболаға нимаси?
Жойлардаги сайёр суҳбатлар очиқ, гоҳо аччиқ, бироқ бирдай самимий ўтаётгани рост. Бунинг бир нечта сабаблари бор, биттаси шуки, судья суд мажлисида процессуал талабларга риоя этиши керак. Очиқ мулоқотда эса одобдан четга чиқилмаса, бас: катта-ю кичик билан “уларнинг тилида” бемалол суҳбатлашиши мумкин – ўртада бўшлиқ ёки кўз илғамас парда йўқ, самимият шунда эмасми?!
Шундай мулоқотларда “тирик судья” билан гаплашганидан ҳаяжонга тушганлар ҳам учрайдики, соддадил инсонларнинг бундай эътирофи ҳам самимиятдан дарак, аслида.
Айтганча, куни кеча фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси ўринбосари Ғайрат Эргашев Юнусобод туманининг “Янги Тарнов” ва “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан сайёр суҳбатлар ўтказди. Унда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича “маҳаллабай” ишлаш хусусида гап кетди. Шунингдек, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини мазмун-моҳияти хусусида ҳам сўз борди. Жонли мулоқот аҳолининг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб бериш билан якунланди.
Ушбу сайёр суҳбатлар ҳам етарлича самимий кечди. Шубҳага ўрин йўқ.






