ШИКОЯТ КЕЛТИРИШ МУДДАТИ ТИКЛАНДИ
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 30 апрелдаги очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар М.Т. иштирокида, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни, биринчи инстанция суди ажрими устидан берилган апелляция шикояти асосида апелляция тартибида кўриб чиқди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспекторининг 2024 йил 29 октябрдаги “RB000”-рақамли қарорига кўра ҳайдовчи Т.М. га МЖтК 128-4-моддаси 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари 750.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Қуйи суднинг 2025 йил 9 апрелдаги ажримига кўра, М.Т.нинг ЙҲХБ қарори устидан шикоят бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномаси рад қилинган.
Қарорга кўра, М.Т. 2024 йил 28 октябрь куни соат 16:54 да пойтахтдаги чорраҳалардан бирида ўзининг “Кобальт” русумли транспорт воситасида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаган.
Шикоятда ҳайдовчи ЙҲХБ қарори унга ўз вақтида етиб келмагани, биринчи инстанция суди ишни унинг иштирокисиз кўрганига оид важлар келтириб, шикоят қилиш муддатини тиклашни сўраган.
Апелляция инстанцияси, шикоятдаги важларни иш ҳужжатлари асосида ўрганиб, ҳуқуқбузарнинг шикоятни қаноатлантириш ҳақидаги фикрини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилишни, апелляция шикоятини қаноатлантиришни лозим топди.
МЖтК 316-моддасида “маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин” деб кўрсатилган.
Мазкур ҳолатда ҳайдовчи томонидан қонунда белгиланган шикоят бериш муддати ўтган бўлса-да, биринчи инстанция суди суриштирув органи томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарор нусхаси унга топширилган ёки топширилмаганлигига ойдинлик киритмаган ва барвақт хулосага келган. Бундай ҳолатда, биринчи инстанция судининг қарорини адолатли ва асосли деб бўлмайди.
Юқоридагиларга кўра, апелляция инстанцияси суди, илтимосномани рад қилиш ҳақидаги қуйи судининг ажримини бекор қилиб, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори қарори устидан ўтказиб юборилган шикоят бериш муддатини узрли деб топиб, муддатни тиклашни ва М.Т.нинг шикоятини қайта кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топди.
Апелляция судида суд қарори устидан, қарор чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкинлиги тушунтирилди.
Отабек Муҳаммадиев,
Тошкент шаҳар суди судьяси