ШАРТНОМА МУДДАТИ ТУГАГАН, АММО МУЛКДАН ФОЙДАЛАНИЛАЁТГАН БЎЛСА, ИЖАРА ҲАҚИ ТАЛАБ ҚИЛИШ МУМКИНМИ?

— Акциядорлик жамияти ва масъулияти чекланган жамиятнинг ўртасида бино-иншоотнинг ижара шартномаси имзоланган. Шартноманинг муддати тугаган бўлса-да, МЧЖ ижара мулкидан фойдаланишда давом этмоқда. Биз шартнома муддати тугаган бўлса, МЧЖдан амалда фойдаланган муддат учун ижара ҳақини талаб этишимиз мумкинми?

Саволга Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Дилбар Хайруллаева жавоб берди:

 

— Мулк ижараси шартномаси ҳақ эвазига тузиладиган шартнома бўлиб, ижарага олувчининг асосий мажбуриятларидан бири мулкдан фойдаланганлик учун ижара ҳақини ўз вақтида тўлашдан иборат. Ижара ҳақини тўлаш муддатлари тарафлар томонидан белгиланади ва шартномада кўрсатилади. Ижарага олувчининг ижара ҳақини тўлаш мажбурияти ижарага берилган мулк унга топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

 

Мулкдан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва уни аниқлаш шартлари ижара шартномасида кўрсатилмаган бўлса, бундай шартнома тузилмаган ҳисобланади. Бундай ҳолларда, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш оқибатлари қўлланилади. Бундай ҳолатда, агар мулк ижарага олувчига шундай шартномага асосан берилган бўлса, ижарага берувчи мулкни қайтаришни ва мулкдан фойдаланганлик ҳақини талаб қилишга ҳақли.

 

Ижара шартномаси ҳақиқий эмас деб топилганда, Фуқаролик кодексининг 114-моддасида назарда тутилган оқибатлар қўлланилади ва тарафларнинг ҳар бири бошқасига шартнома бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб беришга мажбур. Ижарага олувчининг олган нарсаси мулкдан фойдаланишда ифодаланганлиги учун, у фойдаланганлик қийматини пул билан қайтариши шарт. Бунда фойдаланганлик қиймати ижара шартномасида белгиланган ижара ҳақининг миқдоридан келиб чиқиб аниқланади, шартномада ижара ҳақининг миқдори назарда тутилмаган ҳолларда эса, фойдаланганлик қиймати Фуқаролик кодексининг 356-моддасига мувофиқ аниқланади.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 554-моддасида мулк ижараси шартномаси бекор бўлганидан кейин ижарага олувчи ижарага берувчига мол-мулкни ўзига топширилган ҳолатда, нормал эскиришни ҳисобга олиб ёки шартномада келишилган ҳолатда қайтариши лозим. Агар ижарага олувчи ижарага олган мол-мулкни қайтармаса ёки кечиктириб қайтарса, ижарага берувчи кечиктирилган барча вақт давомида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

 

Ўзбекистон Республикаси “Ижара тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасига асосан ижара шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам ижарачи ижарага олинган мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса ҳамда ижарага берувчи ижара шартномаси муддати тугагунига қадар бунга ҳеч қандай эътироз билдирмаган ва шартномада ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда шартнома худди шу муддатга давом эттирилган ҳисобланади.

 

Юқоридагиларга асосан, МЧЖ ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаган бўлса-да, ижара мулкини АЖ га қайтармаганлиги ва ундан фойдаланишда давом этиб келаётганлиги боис ижара мулкидан фойдаланган давр учун ижара тўловини тўлаши лозим. Мазкур ҳолда АЖ ижара мулкидан амалда фойдаланилган муддат учун МЧЖ дан ижара ҳақини талаб этишга ҳақли.