ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН БИЛАН ҲИМОЯЛАНДИ

Юртимизда хотин-қизлар ва болаларнинг маънавий ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқий кафолатлар яратилган. Соғлом оилани шакллантириш, маънавий-аҳлоқий муҳитни қарор топтириш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган…

 

Афсуски, ислоҳотларга қарамасдан салбий ҳолатлар, яъни хотин-қизлар ва вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик, тазйиқ, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда тўсиқлар ҳали ҳам учраб турибди, ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда муаммолар мавжуд.

 

Тан олиш керакки, хотин-қизлар орасида ўз ҳуқуқини яхши билмайдиган, доимо қийноққа учрагани учун қўрқоқ, ожиза, ҳимоясиз бўлиб қолганлар ҳам бор. Кўп ҳолларда улар тегишли ташкилотларга мурожаат қилмай, оилавий зўравонликка чидаб яшаб келмоқда. 

 

Энг ачинарлиси, бу зўравонликка унинг вояга етмаган фарзандлари ҳам гувоҳ бўлиб, уларнинг ҳам соғлом муҳитда тарбияланиш ҳуқуқлари бузилмоқда. Албатта, бу амалдаги қонунчилик нормаларини пухта кўриб чиқишни талаб қилди. Шу муносабат билан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилди, шунингдек оилавий зўравонлик, шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.

 

10 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади, агар…

Қонунларимизда оилавий зўравонлик учун аввал маъмурий, қайта содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарлик белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси, яъни Оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланиб, худди шу ҳаракатларни бир йил ичида қайта содир этган тақдирда Жиноят кодексининг 126-1-модда, яъни оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

 

Қонун мазмунига кўра, оилавий (маиший) зўравонлик, деганда хотини (эри), собиқ хотини (собиқ эри), бир рўзғор асосида биргаликда яшовчи шахс ёки умумий фарзанди бўлган шахсга нисбатан мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мулки ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, соғлиқнинг ёмонлашувига олиб келган бўлса ҳамда башарти Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, кодекснинг 59-2-моддаси 1 қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 дан 20 бараваригача (3 000 000 сўмдан 6 000 000 сўм) жарима солишга ёки 10 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинади, агар…

Агар ушбу ҳаракатлар юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказишга сабаб бўлса, кодекснинг 59-2-моддаси 2 қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 дан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

12 йилгача озодликдан маҳрум қилинади

Агар ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса ҳамда башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 1 қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 дан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Ушбу модданинг бошқа қисмларида ўша ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолатларда, яъни шахсга қасддан баданга енгил, ўртача ва оғир шикаст етказганда, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан ўта шафқатсизлик билан ғаразли ниятларда, диний таассублар замирида, бир гуруҳ шахслар томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

 

Яланғоч ҳолдаги фото, видeотасвирни тарқатиш қандай жавобгарликка сабаб бўлади?

Жиноят кодексининг 141-3-модда, яъни шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди. Унга кўра товламачилик аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шахсий розилигисиз яланғоч ҳолдаги фото, видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёки бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400дан 600 бараваригача (120 млн.дан 180 млн. сўмгача) жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик бор!

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи 41-1-модда билан тўлдирилди.

 

Эндиликда шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 дан 5 бараваригача жарима солишга ёки 5 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

Агар ушбу ҳаракатларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

Ота ва она ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин, агар…

Шунингдек, ота ва онанинг ўз фарзандини тарбиялашда мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, агар ота ёки она яшаш жойида 3 ойдан ортиқ бўлмаганда ёки узрли сабабларга кўра ўз мажбуриятларини бажара олмаганда вояга етмаган фарзандига васий ёки ҳомий тайинламаса, маъмурий жавобгарликка тортилади.

 

Маълумки айрим ота-оналар ишлаш учун ёки бошқа бир сабаб билан чет элга ёки яшаш жойидан узоқроқ ҳудудга кетиб, фарзандларини қариндошлари ёки танишларига топширишади. Қариндошлар яхши бўлса, бола ҳуқуқлари бузилмас, лекин амалиётда болалар қаровсиз қолиб, уларни тарбияси билан ҳеч ким шуғулланмайди, назоратсиз қолиб, энг ёмони болалар билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолиш ҳолатлари ҳам учрайди, бунда албатта катталарнинг эътиборсизлиги уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солади.

 

Келгусида болалар қонунда белгиланган ҳуқуқларидан тўла фойдаланишлари учун ота-оналарга мажбуриятларини тўлиқ бажариш ва улар йўқлигида фарзандига ҳомий ёки васий тайинлаш мажбурияти белгиланмоқда, акс ҳолда, улар жавобгарликка тортилади.

 

Жиноят кодексининг 73-моддасидаги муддатидан илгари жазодан шартли озод этиш каби нормалар вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилган жиноятлар учун, жумладан, вояга етмаган шахсни номусига текканлик, жинсий алоқада бўлиш, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, намойиш этиш, қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналарни ташкил этганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

 

Вояга етмаганларга нисбатан бу каби жиноятларни содир этган шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди, жазо муддати ва миқдори оширилди.

 

Эндиликда аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя ордери муддати бир йилгача жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан узайтирилиши белгиланди.

 

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар судга келиб тушган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда зўравонлик содир этган ёхуд шунга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилади, судья иш материаллари билан танишиб чиқиб, иш якуни бўйича қарор чиқаради.

 

Муддатларнинг бир йилгача белгиланиши аёлларимизга етарли даражада психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам берилиши ва иш билан таъминланишига хизмат қилади.

 

Бу қонунда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг бошқа қатор механизмлари тартибга солиниб, уларни ҳуқуқларини ҳимояланиши орқали ҳаёт ва турмуш сифатини яхшилашга қаратилган.

 

Албатта оила муқаддаслиги ҳам инобатга олиниб, биринчи марта зўравонлик содир этган шахслар жабрланувчи билан ярашса, айбини тан олиб, етказган зарарларини қоплаб берса, уларни жавобгарликдан озод этиш тартиблари ҳам кўрсатиб ўтилган.

 

Ушбу қонун жамиятимизда халқимизнинг ҳуқуқий онг ва маданиятни янги бир босқичга олиб чиқиш билан бирга, энг асосийси, хотин қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ва зўравонликнинг олдини олишга, оилаларда маънавий ахлоқий муҳитни яхшилаш, мустаҳкамлашга, шунингдек, болалар ва хотин қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро мезонларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

 

Фотима ИСМОИЛОВА,

Жиноят ишлари бўйича

Юнусобод туман суди раис ўринбосари