«ХОРИЖ ФУҚАРОСИДАН АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?»
– Фарзандимни ёлғиз она сифатида номимга расмийлаштирганман. Эрим Туркия фуқароси, айни дам Туркияда яшайди. «ЗАГС»имиз бор. Ҳозирда бирга яшамаймиз. Ундан ўғлимни таъминоти учун алимент ундиришим мумкинми?
Исми сир тутилди.
Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Жалолиддин Аббасов жавоб берди:
— Агар фарзандингизни туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида ота устунида cиз билан қонуний никоҳдан ўтган Туркия фуқаросига оид маълумотлар тўлиқ киритилмаган бўлса, cиз тегишли ҳудудий фувқаролик ишлари бўйича судга Оила кодексига мувофиқ оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Фақатгина жавобгарнинг Туркия давлатидаги аниқ яшаш манзилини аниқ кўрсатишингиз лозим.
Даъво ариза иш юритувга қабул қилиниб, фуқаролик иши қўзғатилгандан кейин ҳозирги кунда амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилиги ва Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасида “Фуқаролик, савдо ва жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақида”ги Шартномасига асосан алоҳида топшириқ юборилиб, жавобгарнинг даъво ариза бўйича фикри ва суд мажлисида иштирок этиши ҳақида хабардор қилинади. Суд қарори қабул қилингандан сўнг ҳам уни ижро қилиш шундай тартибда ижрога юборилади.
Бундан ташқари агар cизнинг турмуш ўртоғингиз вояга етмаган боланинг отаси эканлигини тан олган тақдирда, у билан бирга ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишингиз ва ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг ота устунидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Шундан сўнг cизга судга фақатгина алимент ундириш борасида мурожаат қилиш ҳуқуқингиз пайдо бўлишлиги тушунтирилади.