ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШДА СУД ВА НОТАРИАТНИНГ ҲАМКОРЛИГИ

Тошкент шаҳар суди фуқаролик судлов ҳайъати томонидан тадбирлар залида Олий суд ва Ўзбекистон нотариал палатаси ўртасида 2025 йил 4 сентябрда имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари ҳамда Нотариал палата Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўртасида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, судлар ва нотариат ўзаро ҳамкорлик жараёнида интеграциялашув учун қулай шарт-шароит яратишга, соҳани рақамлаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишга, суд амалиётидан келиб чиқиб нотариал ҳаракатларни амалга оширишда  мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва зарурий тавсиялар беришга қаратилди.

 

Суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда нотариал битимларни амалга оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Очиқ ва жонли руҳда ўтган давра суҳбатида биргаликдаги умумий мулкни, хусусан, хусусийлаштирилган уй-жойлар ва эр-хотиннинг биргаликдаги турмуши даврида олинган мулкларни тасарруф этиш, бундай мулклар юзасидан ворисликка оид қонунчиликни қўллаш, чет давлатлардан келаётган ишончномалар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш, меросни эгаллаш жараёнида ворислар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатлари учун жавобгарлик механизмини такомиллаштириш юзасидан асослантирилган фикрлар билдирилди.

Учрашув якунига кўра қонунийликни таъминлаш мақсадига йўналтирилган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгиланиб, ушбу мақсадга йўналтирилган суҳбатларни доимий ўтказиш юзасидан келишиб олинди.