ФИРИБГАРНИНГ СЎНГГИ «САФАРИ»

Халқимиз қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, деб бежизга айтмаган. Афсуски, ҳаётда бу ҳикматнинг моҳиятини ҳамма ҳам бирдек англаб етмайди. Бунинг ҳаётий ифодасини жиноий қилмишга қўл урган кимсалар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

 

Наманганлик Ҳожимурод Саъдуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳали ёш бўлишига қарамай, иккинчи маротаба фирибгарликка қўл ургани учун суднинг қора курсисига ўтирди.

 

Агар жиноят иши материалларига на­зар таш­лансак, дастлаб у 23 ёшида фирибгарлик жиноятини содир этганини кўриш мумкин. Шу боис у жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2015 йил 17 мартдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум қилинганди. Орадан бир йил ўтгач, жиноят ишлари бўйича Бўка тумани судининг 2016 йил 21 ноябрдаги ажрими билан Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида ўталмай қолган 2 йил 8 ой 9 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2017 йил 16 июндаги ажримига кўра, Жиноят кодексининг 73-моддаси асосида ўталмай қолган 2 йил 1 ой 19 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қи­линган. Яъни унга нисбатан бир эмас, икки маротаба енгиллик берилиб, бағрикенглик қилинган. Бошқача айтганда, Ҳ. Саъдуллаевга қилмишидан тўғри хулоса чи­қариб олиши ҳамда ҳаётда тўғ­ри йўлни топиши учун етарлича имконият берилган.

 

Аммо орадан уч йил ўтгач, Ҳожимурод яна эски қилиғини бошлаб қолди. Фақат бу гал бир ўзи эмас, ҳамтовоқлари Исмоил Абдубаннопов, Даврон Ҳамидхонов ва Жўрабек Акрамжонов (улар жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди томонидан қонуний жазога тортилган)лар билан бирга жиноят содир этди. Яъ­ни улар ўзларига қарашли «Маgnus med» масъулия­ти чекланган жамияти билан шартномавий муносабатга киришган хўжалик юритувчи субъект­ларни чув туширишди. Масалан, ўзаро жиноий тил бириктирган ҳамтовоқлар дастлаб 2020 йил 25 сентябрь куни «Маgnus med» ва «Pharma choice» хусусий корхонаси ўртасида 301-сонли шартномани расмийлаштиришади. Бироқ ҳали тўловни амалга оширмай туриб, хусусий корхонадан 106 292 294 сўмлик дори воситаларини олишади. Сўнгра уш­бу дори воситаларини Наманган шаҳрида дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум кимсаларга нақд пулга сотиб юборишади. Сотувдан тушган пулни жиноий шериклар ўзаро тақсимлаб олишади.

 

Шундан сўнг жиноий шериклар «Shayana farm» масъулияти чекланган жамиятини нишонга олишади. Аниқроғи, 2020 йил 22 сентябрдан 2020 йил 24 декабрга қадар ушбу корхона билан ҳам шартномалар тузиб, насияга дори-дармон олишади. Бу дори-дармонларни яна Наманган шаҳрида пуллаб, ҳамёнларини қаппайтиришади. Лекин маҳсулот ҳа­қини тўлашмайди. Энг ачинарлиси, жиноят кўлами кундан-кун кенгайиб борарди.

 

Бинобарин, жиноий шериклар кейинги гал янада каттароқ «қадам ташлашди». Гап шундаки, Ҳожимурод, Исмоил, Даврон ва Жў­рабек ке­йинги дори «операция»сига ўз­ларига бегона бўлмаган «Yaxshi niyat mega farm» масъулияти чекланган жамиятини ҳам жалб қилишади.

 

2020 йил 10 октябрь куни ҳамтовоқлари «Маg­nus med» ва «Lekhim» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона ўртасида 494 256 571 сўмлик ҳамда «Yaxshi niyat mega farm» масъулия­ти чекланган жамияти ва «Lekhim» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 870 242 971 сўм­лик шартномаларни расмийлаштириб, буларнинг эвазига олинган дориларни аввалги усулда пуллашади.

 

Қўшма корхонага бор-йўғи 175 676 542 сўм ўтказишади, холос.

 

Қолган 1 188 826 000 сўм миқдоридаги қарзларини тў­лашмайди.

 

Сотувдан тушган пулларни ҳар галгидек ўзаро тақсимлаб олишади.

 

Шу тариқа ҳамтовоқлар 2021 йил 23 февралга қа­дар жами 6 миллиард 550 миллион 211 минг сўмни фирибгарлик йў­ли билан ўзлаштиришган. Аммо Ҳ. Саъдуллаев қилмишларининг миси чиқишидан қўрқиб, хорижга қочиб кетади. Шунинг учун унга нисбатан қидирув эълон қи­линди. Натижада у 2021 йил 8 ок­тябр­да хорижда ушланиб, мамлакатимизга олиб келинади.

 

Яқинда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида Ҳ. Саъдуллаевга оид жиноят иши кў­риб чиқилди. Суд уни Жи­ноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди би­лан айб­дор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

 

«Кўза кунда эмас, кунида синади», деб шунга айтишади-да.

 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси