«ФАРЗАНДИМ 2 ЁШГА ТЎЛГАНДА ИШГА ҚАЙТСАМ, МУАММО БЎЛМАЙДИМИ?»

— Ҳозир бола парваришлаш таътилидаман. Яқинда ишхонага борсам «cизни лавозимингиз қисқартиришга тушди», дейишди. Лекин ҳеч ким менга хабар қилмаганди. Фарзандим 2 ёшга тўлганда ишга қайтсам, муаммо бўлмайдими?

Исми сир тутилди

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асоси ҳисобланади.


Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно.


Ушбу Кодекснинг 234-моддасига кўра, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади.


Ушбу Кодекснинг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.


Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.


Юқорида қайд қилинган модда талабларига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги юзасидан меҳнат шартномасини бекор қилиш иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари бўлиб, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.


Шу сабабли сизда фарзандингиз 2 ёшга тўлгач, ишга чиқиш истагини билдирсангиз, иш берувчи сизни ўз вазифангизга ишга қайтишингизга қаршилик қилишга ҳақли эмас, яъни ҳеч қанақа муммо бўлмайди.