“ФАРЗАНДИМГА НИСБАТАН ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛИШИ МУМКИН?”

— Фарзандимга суд ҳукми билан аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган бўлиб, ҳозирда оилавий шароитимиз сабабли у ишга бормаяпти. Шу ҳолатда фарзандимга нисбатан қандай чора кўрилиши мумкин?

Исми сир тутилди

Алишер Жалилов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси:


— Дастлаб жазо қўллашнинг мақсади ҳақида тушунча берсак, қонунга мувофиқ жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.


Жиноят-ижроия кодексининг 14-моддасига асосан, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ички ишлар органлари томонидан ёки суд белгилайдиган бошқа орган томонидан ижро этилади, ЖИКнинг 26-моддасига асосан, ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо ижроси маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади ва маҳкум доимий яшаш жойига эга бўлмаган тақдирда ҳукмнинг ижроси ҳукм чиқарилган жойдаги жазоларни ижро этиш инспекцияси зиммасига юкланади, шу билан бирга шахс ўзига ЖИКнинг 29-моддасида белгилаб қўйилган мажбуриятларни бажариши шарт.


Жиноят кодексининг 46-моддаси 1-қисмига кўра, ахлоқ тузатиш ишлари шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат бўлиб, жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади.


Мазкур модданинг 4-қисмида, агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштирилиши, жазони ўташдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилган.


Маҳкумнинг жазони ўташдан бўйин товлаши келгусида қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги унга огоҳлантирилган бўлиши шарт.


Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш ички ишлар органлари томонидан киритилган тақдимнома ёки жамоат бирлашмасининг илтимосига асосан Жиноят-процессуал кодексининг 539-моддасида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.


Жазони ўташ учун маҳкумни озодликдан маҳрум қилиш жойига жўнатиш масаласини ҳал этишда, суд ахлоқ тузатиш ишлари ижросини назорат қилувчи орган томонидан кўрилган чоралар ҳақидаги, яъни жазо ижросини таъминлашда, маҳкумнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ жазони ўташдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарлик тўғрисида унинг огоҳлантирилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлиши керак.


ЖПКнинг 541,542-моддаларига мувофиқ, ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш масаласи, маҳкумнинг иштирокидаги суд мажлисида кўриб чиқилиши лозим. Истисно ҳолатида, иш бўйича маҳкум яширинган ёхуд судга келишдан бўйин товлаганлиги ҳақида етарлича маълумотлар бўлганда суд томонидан ушбу масала ҳал қилиниши мумкин.