УЧ ХАЛҚАРО ҲУЖЖАТНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТИ

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида (32-модданинг 2-қисми) чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш оид ишлар вилоят ва унга тенглаштирилган судлар иш юритувига тааллуқли экани белгиланган.

 Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) аъзо давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар эса «Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Битим (1992 йил 20 март, Киев), «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги (1993 йил 22 январь, Минск) ва «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Конвенциялар (2002 йил 7 октябрь, Кишинев) асосида кўриб чиқилади.

Агар Киев Битими ёки Минск, Кишинев Конвенциялари иштирокчиси бўлмаган давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида илтимоснома берилган бўлса, бундай илтимосномани қабул қилиш (ИПК 154-моддасининг 1-банди асосида) рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат илтимоснома иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса (ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда), иш юритиш тугатилади.

Киев битимини МДҲнинг деярли барча аъзолари томонидан имзолаганиб, тегишли тартибда ратификация қилгани боис, ушбу давлатлар судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишда иқтисодий судлар томонидан ушбу битимнинг қоидалари тўлиқ қўлланилади. (Фақатгина Озарбайжон ушбу битимга қўшилиш тартибини тўлиқ амалга оширмаганлиги учун ундаги қоидалар ушбу давлат судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишда қўллаб бўлмайди).

Киев Битими 13 та моддадан иборат. Уларда МДҲ иштирокчи-давлатларда жойлашган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низоларни ҳал қилишда ҳуқуқий ҳамкорлик назарда тутилади. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида шартномавий ва фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни, давлат ва бошқа органлар билан боғлиқ муносабатларни ҳамда қарорлар ижроси масаласини тартибга солади.

Унинг 3-моддасида ҳар бир аҳдлашаётган давлатларнинг фуқаролари ва унинг ҳудудида яшаётган шахслар, ваколатли арбитраж (хўжалик) ва ҳакамлик судларига ҳеч қандай тўсиқларсиз мурожаат этишга, илтимосномалар киритиш, даъволар қўзғатиш  ҳамда бошқа процессуал харакатларни амалга оширишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Агар ҳуқуқий муносабатлар Киев Битими билан тартибга солинмаган бўлса, Кишинев Конвенцияси, ушбу конвенция иштирокчилари бўлмаган МДҲ давлатлари билан муносабатларда эса Минск Конвенцияси қўлланилади.

Кишинев ва Минск конвенциялари ҳуқуқий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида узоқ муддатга мўлжалланган, кўп томонлама, умумий тамойил ва стандартларни ўз ичига олган кенг доирадаги халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, Украина ҳамда Молдова давлатлари МДҲ иштирокчи давлатлар қаторини тарк этган бўлса-да, Украина Киев Битими, Молдова эса Минск Конвенциясининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Шу сабабли ушбу давлатларнинг қарорлари иқтисодий судлар томонидан тан олиниши ва ижрога қаратилишига ҳуқуқий монъелик йўқ.

Минск конвенцияси 87 та моддани ўз ичига олган. Унда ҳар бир аҳдлашувчи томон фуқаролари, шунингдек, уларнинг ҳудудида яшовчи бошқа шахслар ўзларининг шахсий, мулкий ва номулкий ҳуқуқлари учун ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланиши, низолар кўриб чиқилишида унда қайд этилган тартиблар юридик шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши белгиланган.

Эътибор бериш лозимки, Киев битимида даъвони таъминлаш мақсадида мол-мулкни, жумладан, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини хатлаш тўғрисидаги суд ҳужжатларини тан олиш ва ижрога қаратиш назарда тутилмаган. Шу сабабли МДҲ иштирокчи давлатлар ўртасида бундай тоифадаги ариза (илтимоснома)ларни ҳал қилишда Кишинёв Конвенция нормаларини қўллаш зарур.

Қайд этилган халқаро ҳуқуқ ҳужжатларга мувофиқ, илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар давлат тили ёки рус тилига қилинган таржимаси билан бирга тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши назарда тутилган.

Озода Гулямова,

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий

 ишлар бўйича судьяси